Жаҳон | 14:00 / 23.12.2025
1041
3 дақиқада ўқилади

Россияда WhatsApp мессенжери иши 70–80 фоизга секинлаштирилди

Роскомнадзор билдиришича, WhatsApp ишини чеклаш давом этмоқда, чунки бу мессенжер “РФда террористик ҳаракатлар учун ишлатилади”. “Сбой.рф” хизмати маълумотларига кўра, 22 декабр куни шикоятлар миқдори бир неча баробар ошган.

Фото: Yui Mok/dpa/picture alliance

Россия аҳолиси WhatsApp мессенжеридан фойдаланишда оммавий тарзда муаммоларга дуч келди. “Сбой.рф” хизмати маълумотларига кўра, душанба куни, 22 декабр, Москва вақти билан соат 18:00 ҳолатига келиб, илова иши бўйича 4000 тадан ортиқ шикоят келиб тушган. Бир кун аввал бундай шикоятлар 891 та, 20 декабр куни эса 226 та бўлган. Энг кўп шикоятлар Москвадан (умумий сонинг 56 фоизи), Санкт-Петербургдан (13 фоиз) ва Москва вилоятидан (7 фоиз) юборилган. Жами бўлиб муаммолар ҳақида РФнинг Европадаги қисмидаги 19 та ҳудуд ҳамда қўшиб олинган Қрим аҳолиси хабар берган.

РБК агентлигининг телеком-бозордаги манбаси сўзларига кўра, 22 декабрдан Роскомнадзор мессенжер ишини “70–80 фоизга” секинлаштирган, Россия алоқа бозори операторларининг эса бу носозликка алоқаси йўқ. Россияликлар мурожаатларидан келиб чиқса, WhatsApp’да огоҳлантиришлар тўғри ишламай қолмоқда, юкланиш пайтида “қотиб қолиш” ҳолатлари кузатилмоқда, матнли хабарларни юбориш эса қийинлашган.

Ўз навбатида, Роскомнадзор мессенжер “РФда террористик ҳаракатлар ва фирибгарлик учун ишлатилади”, деган фикрни яна бир бор таъкидлади. Идора WhatsApp’га нисбатан жорий этилган “чеклов чоралари” сабабларини тушунтирар экан, шундай деди: “WhatsApp Россия қонунчилигини бузишда давом этмоқда. Мессенжер мамлакат ҳудудида террористик ҳаракатларни ташкил этиш ва ўтказиш, уларнинг ижрочиларини ёллаш, фирибгарлик ва фуқароларимизга қарши бошқа жиноятлар учун ишлатилади”.

Россия ҳокимияти босими кучаяётганига қарамай, WhatsApp Россияда ҳануз энг оммабоп мессенжер бўлиб қолмоқда. Россиянинг Mediascope тадқиқот компанияси маълумотларига кўра, 2025 йил август ойида мамлакатда WhatsApp’нинг 97 млндан ортиқ уникал фойдаланувчиси бўлган — бу ўтган йилги кўрсаткичдан 6 млнга кўп.

Шу билан бирга, россияликларнинг айрим тоифаларига ўрнатишга мажбур қилинаётган маҳаллий МАХ мессенжерининг декабр ўрталаридаги ўртача кунлик аудиторияси бор-йўғи 45 млн фойдаланувчини ташкил этган.

28 ноябр куни РКН, идора таъкидлашича, Россия қонунчилигини бузишда давом этаётган WhatsApp Россияда тўлиқ блокланиши мумкинлигини огоҳлантирган. WhatsApp’га нисбатан янги чеклов чоралари жорий этилиши билан бир вақтда Роскомнадзор фойдаланувчиларга “миллий сервисларга ўтиш”ни тавсия қилган. Ўша куни Россиянинг бир қатор ҳудудларида фойдаланувчилар WhatsApp ишида яна оммавий узилишлар ва носозликлар бўлаётганини хабар қилган.

Шу билан бирга, WhatsApp’дан камида айрим юқори лавозимли Россия мансабдорлари фаол фойдаланишда давом этмоқда. “Коммерсант” газетасига Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Украинадаги уруш ҳақида АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф билан бўлган телефон суҳбати сизиб чиққани юзасидан берган изоҳида айтишича, Москва баъзан Вашингтон билан WhatsApp орқали ҳам мулоқот қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид