Ўзбекистон | 09:46 / 25.12.2025
2588
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон–Саудия: Ҳаж ва Умра мавсумида виза бўйича ҳамкорлик кучайтирилади

Ўзбекистон ТИВ вазири ўринбосари Олим Абдуллаев бошчилигидаги делегация Саудия Арабистони ИИВ вазири ўринбосари Холид бин Муҳаммад Ал-Баттал билан учрашди. Музокараларда Ҳаж ва Умра мавсумларида ташрифлар ҳамда виза жараёнларини қонунчилик доирасида ташкил этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: ТИВ

2025 йил 23 декабр куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Олим Абдуллаев бошчилигидаги делегация Саудия Арабистони подшоҳлиги ички ишлар вазири ўринбосари Холид бин Муҳаммад Ал-Баттал билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида икки мамлакат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон–Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари изчил ривожланиб, янги босқичга кўтарилаётгани, шунингдек, олий ва юқори даражадаги ташрифлар алмашинуви тобора фаоллашиб бораётгани қайд этилди.

Саудия томони Ўзбекистондан подшоҳликка ташриф буюраётган фуқароларнинг мамлакатда бўлиши билан боғлиқ муаммолар сони камлигини алоҳида таъкидлаб, ўзбек халқига бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромни билдирди.

Учрашувда Ҳаж ва Умра мавсумларида подшоҳликка ташриф буюриш ҳамда виза олиш жараёнларини амалдаги қонунчилик доирасида ташкил этиш бўйича ўзаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, томонлар икки давлат ички ишлар вазирликлари ўртасида фаолият юритаётган қўшма комиссия ишини янада ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни биргаликда амалга ошириш бўйича келишувга эришди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид