Конституциявий ислоҳотлар доирасида вилоят ҳокимлари ҳамда маҳаллий кенгашлар раислари лавозимлари алоҳида этиб белгиланган эди. Энди ушбу бошқарув модели 2026 йилдан республика бўйлаб 208 та туман ва шаҳарда ҳам йўлга қўйилиши маълум қилинди.
Давлат раҳбари таъкидлашича, мазкур сиёсий ислоҳот ҳокимлар ва ижро идораларининг кенгашларга муносабатини тубдан ўзгартиришни талаб қилади. Шу мақсадда депутат сўровлари ижроси ҳар чоракда таҳлил қилиниб, сусткашликка йўл қўйилган ҳолатлар бўйича прокуратурага тақдимнома киритилиши белгиланди.
Шу билан бирга, парламент назоратини янада кучайтиришга қаратилган қатор таклифлар ҳам билдирилди. Хусусан, президент давлат кафолати остида ташқи қарз олиш масаласини маъқуллаш ваколатини ҳам парламент ихтиёрига ўтказишни таклиф қилди. Айтилишича, 2023 йилдан буён ташқи қарз миқдорини парламент белгилаб келмоқда.
Бундан буён давлат харидларида товар, иш ва хизматларни тўғридан тўғри сотиб олиш мумкин бўлган ҳолатлар фақат қонун билан белгиланиши таъкидланди.















