Қозоғистон Транспорт вазирлиги 2024 йил 25 декабр куни Оқтов шаҳри яқинида Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Embraer 190 самолёти билан содир бўлган авиаҳалокатни текшириш жараёни ҳақида оралиқ маълумотни эълон қилди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Ҳужжатда айтилишича, самолёт Боку (Озарбойжон) - Грозний (Россия) йўналиши бўйича рейсни амалга оширган. Ҳодиса оқибатида 38 киши ҳалок бўлган (шундан 3 нафари экипаж аъзоси), 29 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Таъкидланишича, ҳодисани текшириш бўйича тайинланган комиссия авиация ҳалокати сабаблари ва унга имкон берган омилларни аниқлаш бўйича ишларни давом эттирмоқда. Комиссия ишида Озарбойжон, Россия, Бразилия вакиллари, шунингдек, ICAO кузатувчилари иштирок этмоқда.

Оралиқ хабарни тайёрлаш вақтида комиссия ҳақиқий маълумотларни, жумладан, экипаж ва диспетчерлар тўғрисидаги маълумотларни, парвозга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш бўйича ҳужжатларни, метеорологик маълумотларни ва техник хизмат кўрсатиш материалларини тўплади ва таҳлил қилган. Борт журнали ва парвоз билан боғлиқ бошқа ҳужжатларнинг нусхалари олинган.

Борт ўзиёзар қурилмалари текширилган, парвоз маълумотлари регистраторидан парвоз параметрлари чиқариб олинган, идентификация ва дешифровка қилинган, шунингдек, борт овозли ўзиёзар қурилмаси дешифровка қилинган.

Комиссия ҳаво кемаси конструкцияси элементларининг фазовий ҳолатини қайд этган ҳолда авиация ҳалокати жойини батафсил текширувдан ўтказди. Фото ва видео қайд этиш, самолёт агрегатларини йиғиш ва ҳалокат жойидан олиб чиқиш ишлари амалга оширилган.

Текширув доирасида бегона металл буюмлар (ташқи объектлар) комплекс экспертизадан ўтказилган. Уларнинг натижаларига кўра, портловчи модда излари топилмаган, учта кислород баллонида ҳам портлаш излари йўқ.

«Ҳаво кемасининг шикастланишига жанговар қуролнинг шикастловчи элементлари сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда, бироқ уларнинг кимга тегишли эканини аниқлашнинг имкони бўлмади», дейилади ҳисоботда.

Бундан ташқари, 2-сонли гидравлик тизим қувур қисмининг трассологик экспертизаси шикастланишлар мавжудлигини кўрсатган. Уларнинг ҳосил бўлиш механизми қаттиқ жисмлар тегиши оқибатида металлнинг узилиши сифатида тавсифланади. Тешиб ўтувчи шикастланишлар темир асосидаги қотишмадан тайёрланган металл бўлаклари (ташқи объектлар) томонидан ҳосил бўлгани тахмин қилинган.