“Агар бирор-бир нарсани чин дилдан орзу қилсанг, бутун олам унинг амалга ошишига кўмаклашади”. Ушбу ибора шунчалик машҳурки, кўплаб инсонларнинг ҳаётда жиддий қарорлар қабул қилишига сабаб бўлган. Бу ҳикмат замонавий дунёнинг энг таниқли адибларидан бири Пауло Коэльога тегишли. “5 дақиқа”нинг навбатдаги сонида “Алкимёгар” романи ҳақида гаплашамиз.

“Алкимёгар” бутун дунёда миллионлаб инсонлар қалбини забт этган, орзулар, ишонч ва маънавий ривожланиш ҳақидаги асар ҳисобланади. Шу ўринда “Алкимёгар”ни ўзбек китобхонларига тақдим этган Озод Шарафиддинов, Азиз Саид, Аҳмад Отабоев каби катта ижодкорларимиздан миннатдор бўлишимиз керак.

Бу асарни ўқиган ҳар бир инсон ўз ҳаётида қандай сафарга чиқиши ва қандай ички қудратга эга эканини қайта кўриб чиқади.

Асар воқеалари Сантяго исмли чўпон йигит атрофида содир бўлади. Унинг ҳаёти жуда сокин ўтарди, қўй боқарди. Аммо ҳаёт фақат қўй боқишдан иборатми, деган савол ҳам ичида ғимирлаб қўярди. Бир куни уни туш кўради ва унга катта бир хазина яширилган жой ишора қилинади. Бу туш Сантягога сафарга чиқиш учун ички чақириқ эди.

Йўлда Сантьяго турли инсонлар билан учрашади. Лўли кампир унинг биринчи устози сифатида хизмат қилади, тушни таъбир қилади ва унга ҳаётий йўл кўрсатади. Кейин у Салим шаҳри подшоҳи Маликсиддиқ билан учрашади. Маликсиддиқ йигитга ҳаётдаги асосий мақсад - шахсий афсона ҳақида тушунча беради ва унинг орзусини амалга ошириш учун ҳаракат қилиш зарурлигини уқтиради.

Оғир синовлар сизни кутиб турибди

Сантяго Африкага қадам қўяди ва йўлда кўплаб қийинчиликларни бошидан ўтказади. У биллур идишлар дўконида ишлайди, бу эса унга сабр ва меҳнатни ўргатади, ҳаётнинг оддий қийматини ҳис қилади. Кейин у инглиз алкимёгар билан учрашади ва шамолга айланиш синовини кўради. Бу синов фақат қудрат ҳақида эмас, балки руҳий уйғунлик ва қалб овозини тинглаш ҳақида. Алкимёгар Сантягога ҳаётдаги белгиларни кўриш, қўрқувни енгиш ва орзусига содиқ қолиш муҳимлигини ўргатади.

Шу ўринда бир қизиқ жиҳат. Муҳаббат инсонга доим ҳам азоб беравермайди, доим ҳам у қўрқинчли эмас. Ҳақиқий муҳаббат сизга куч-қудрат бериб, ҳаёт мазмунини топишингизга ҳам хизмат қилиши мумкин. Асарда ҳам шундай. Сантягонинг муҳаббати унинг сафарини бойитади. Фотима хоним йигитни мақсадидан тўхтатмайди, аксинча, қўллаб-қувватлайди ва орзу йўлидан адаштирмайди. Муҳаббат ва орзу бир-бирига зид эмас, балки бир-бирига куч беради.