Жаҳон | 11:10 / 06.01.2026
2549
4 дақиқада ўқилади

Харкивга 5 та баллистик ракета зарбаси, Днипрога дронлар ҳужуми

Харкив шаҳри мэри Игор Терехов энергетика инфратузилмасига бешта ракета зарбаси берилганини маълум қилди. Днипрода эса АҚШ компаниясига тегишли заводга ҳужум оқибатида йўлларга 300 тонна кунгабоқар мойи тўкилиб кетган.

Фото: Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати

Россия армияси душанба куни, 5 январ туш пайти Харкивнинг энергетика инфратузилмасига бешта ракета зарбаси берди, деб хабар қилди шаҳар мэри Игор Терехов Telegram’да. “Жуда катта даражада шикастлар бор”, — деди у ва зарбалар Слободской туманидаги саноат ҳудудига тўғри келганини қўшимча қилди. Харкив вилояти прокуратураси аниқлаштиришича, ҳужум натижасида зарба берилган жой яқинида жойлашган корхонада ишловчи 58 ёшли ходим яраланган.

Терехов зарба баллистик ракеталар билан берилганини ҳам айтди. “Ҳимояни кучайтириш мумкин: бетон, металл, паноҳгоҳлар… Лекин ҳеч қандай бетон конструкция бешта баллистик ракетага бардош беролмайди… Бу зарба фақат объектларга эмас. Бу иссиқликка, сувга, одамларнинг оддий ҳаётига зарба. Улар бизни қўрқув ва қоронғилик билан синдиришга уриняпти. Ойлаб қилинган оғир, ҳалол меҳнат натижасини йўқ қилиш. Илгариги ўқ ёмғирларидан кейин бир неча бор тиклаган нарсаларимизни йўққа чиқариш”, — деб ёзди Харкив мэри.

Шу билан бирга, зарбалар ва такрорий ҳужум таҳдидига қарамай, тиклаш ишлари давом этади, деб ишонтирди у. “Харкив учун бу битта нарсани англатади: биз яна қиламиз. Қайта кўтарамиз. Тиклаймиз. Ишга туширамиз. Яна бир бор. Яна бир бор. Ҳеч нарсага қарамай. Биз дош берамиз. Биз тиклаймиз. Биз яшаймиз”, — дея таъкидлади Игор Терехов.

5 январ туш пайти Россия қўшинлари Днипро шаҳрига ҳам дронлар билан ҳужум қилди. “Дронлар ҳужуми натижасида Днипро йўлларига 300 тонна мой тўкилиб кетди! Коммуналчилар тозалаяпти, қум ва аралашма сепяпти, аммо Набережная бўйлаб ҳаракат 2–3 суткача имконсиз бўлади”, — деб хабар қилди шаҳар мэри Борис Филатов Telegram’да.

У фуқаролик ишлаб чиқариши нишонга олинганини қайд этди. Гап Миссури штати, Сент-Луис шаҳрида жойлашган АҚШнинг Bunge компаниясига қарашли завод ҳақида кетмоқда. Компания сайтида қайд этилишича, Днипрода Днипровский мой-экстракция заводи — кунгабоқар уруғини қайта ишлайдиган корхона фаолият юритади.

РФ армиясининг Киев ва Киев вилоятига ҳужуми оқибатида икки киши ҳалок бўлган, уч киши яраланган. Украина ФВХ Facebook’да хабар қилишича, пойтахтда зарба хусусий тиббиёт муассасасига тегишли тўрт қаватли бинога тўғри келган. 5 январга ўтар кечаси зарба иккинчи қават даражасида бўлган — у ерда касалхонанинг стационар бўлими жойлашган. Ўша ерда ҳалок бўлган шахс топилган.

Оболон тумани маъмурияти раҳбари Кирилл Фесик аниқлаштиришича, гап ушбу тумандаги хусусий тиббиёт муассасаси ҳақида кетмоқда, у бинога парчалар тушиши натижасида зарар кўрган. Унинг маълумотига кўра, парчалар тушган пайтда бинода тахминан 70 киши бўлган.

Киев вилояти ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) раҳбари Николай Калашник маълумотларига кўра, вилоятнинг Фастов туманида 74 ёшли эркак ҳалок бўлган ва бир нечта турар жой уйлари шикастланган. Шунингдек, Россия ҳужуми натижасида Славутич шаҳрида электр таъминоти узилган. “Муҳим инфратузилманинг барча объектлари захира таъминотига ўтказилди. Шаҳарда иссиқлик ва сув бор”, — деди Калашник.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид