Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия Лвив областига «Орешник» билан зарба берди
РФ мудофаа вазирлиги бу гўёки Путин қароргоҳига уюштирилган ҳужумга жавоб эканини маълум қилди.
Фото: Видеодан кадр
Россия қўшини 9 январга ўтар кечаси Лвив областидаги ўта муҳим инфратузилма объектига ракеталар билан ёпирилма ҳужумни амалга оширди – бунда «Орешник» баллистик ракетаси ҳам қўлланган.
Лвив шаҳри мэри Андрей Садовой ҳаво тревогаси эълон қилинганидан кейин Лвивда кучли портлаш овозлари эшитилганини хабар қилди. Кейинроқ у ўта муҳим инфратузилма объекти зарба остида қолганини маълум қилди. «Бу „Орешник“ бўлгани – ҳозирча аниқ эмас. Ҳарбийлардан маълумот кутилмоқда», – дея қўшимча қилган у. Зарба оқибатлари ҳақида хабар қилинмаган.
Украина қуролли кучларининг «Запад» ҳаво кучлари қўмондонлиги 8 январ куни соат 23:47 да Россия қўшинлари Лвивдаги инфратузилма объектларига баллистик ракета ёрдамида зарба берганини маълум қилди. «Ҳаво нишони баллистик траектория бўйлаб соатига тахминан 13 минг километр тезликда ҳаракатланган», – дейилади хабарда. Қандай ракеталар қўллангани ҳақида кейинроқ маълумот берилиши айтилди.
Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари қўмондонлиги коммуникация бошқармаси бошлиғи Юрий Игнат ракета Астрахан областидаги Капустин Яр полигонидан учирилганини маълум қилди. «Баллистика қўллаш таҳдиди ҳақида огоҳлантириш бор эди. Ракеталар катта эҳтимол билан Россия Федерациясининг Капустин Яр ҳудудидаги полигондан учирилган. Шундан сўнг Лвив областида портлаш овозлари эшитилди», – деди Игнат.
Кўп ўтмай Россия мудофаа вазирлиги Россия қўшинлари «Киевнинг Путин қароргоҳига уюштирган ҳужумига жавобан» «Украинанинг муҳим объектларига йирик зарба амалга оширилгани», бу ҳужумда «Орешник» ракеталари ҳам иштирок этганини тасдиқлади. Ҳарбий идора «зарба мақсадларига эришилгани», жумладан, ҳужум учун фойдаланилган дронлар «ишлаб чиқарилган объектлар» ҳамда Украина ҳарбий-саноат комплекси фаолиятини таъминловчи энергетика инфратузилмаси объектларига зарар етказилганини маълум қилган.
- Россия 2024 йил ноябрида Днипродаги «Южмаш» заводига зарба беришда ҳам «Орешник» баллистик тизимидан фойдаланганди. Ўшанда бу ҳақда Владимир Путин маълум қилиб, бу украин ҳарбийлари Россиянинг ичкари ҳудудларига зарба бериш учун ғарб томонидан етказиб берилган узоқ масофали ATACMS ва Storm Shadow ракеталаридан фойдаланганига жавоб эканини айтганди. «[„Орешник“] синови муваффақиятли ўтди. Ракета учиришдан мақсадга эришилди», – деганди Путин.
- 2025 йил декабр ойи охирида Россия ҳукумати Украина Владимир Путиннинг Валдайдаги қароргоҳига дронлар билан ҳужум уюштирганини хабар қилди. Кремлдагилар буни нафақат Путинга, балки Доналд Трампга ҳам қарши қаратилган «теракт» сифатида баҳолаб, бунга ҳарбий жавоб қайтарилишини ваъда қилишганди. Шу билан бирга, Россия томони ҳеч қандай далил тақдим этмаган. Доналд Трамп эса бир неча кун ўтиб украинлар Путиннинг қароргоҳига ҳужум қилгани ҳақидаги хабарларга ишонмаслигини айтди. «Мен бундай зарба ҳақиқатан ҳам бўлганига ишонмайман. [Қароргоҳга яқин жойда] нимадир бўлган, аммо буларнинг ўзаро алоқаси бўлмаган», – деган у.
Мавзуга оид
13:34 / 31.12.2025
РФ Мудофаа вазирлиги: «Орешник» Беларусда жанговар навбатчиликни бошлади
10:41 / 27.12.2025
Россия Беларус шарқида “Орешник” ракеталарини жойлаштирмоқда
09:43 / 29.10.2025
Беларусда «Орешник» декабрда жанговар навбатчиликка қўйилади
16:38 / 05.10.2025