Якшанбага ўтар кечаси Россия уруш бошидан буён Украина пойтахти Киевга энг вайронкор ҳужумлардан бирини амалга оширди. Ҳужум учун юзлаб дрон, ўнлаб турли хил ракета ва баллистик ракеталардан фойдаланишди. Украина пойтахи «Орешник», «Кинжал», «Искандер», «Циркон» деган ваҳимали ракеталар билан нишонга олинди. Ядровий қуроллар ишлатилмади холос.

Ва бундай зарбалар давом этаркан. Россия ТИВ «қарор қабул қилинадиган марказларга зарба берилишини» анонс қилиб, Зеленский офиси ҳам нишонга олиниши мумкинлигига ишора берди. Украина шаҳарларини бундай важоҳат билан бомбалаётгани аслида Россиянинг фронтда ишлари юришмаётганини билдиради.

«Орешник» иккитамиди?

Россия томони Киевга ёппа ҳужумни «украинларнинг коллежга қилган ҳужуми учун жавоб» деб атамоқда, лекин бу аслида Москвага қилинган кенг кўламли дрон ҳужуми учун реванш бўлганини тушуниш қийин эмас. Путин учун уруш Москвагача етиб бормаслиги жуда муҳим, украинлар ана шу «қизил чизиқ»ни босгани унинг жаҳлини чиқарди. Бир кеча давомида Киевнинг камида қирқта ҳудудида портлаш содир бўлган. Доимгидек асосан турар жой бинолари, ижтимоий объектлар, шунингдек, музей ҳамда бошқа маданий бинолар ҳужумга учради.

Украинлар Эрон дронларини уришнинг пири бўлиб кетгани учун «мопед»лар жиддий зарар етказа олмаган. Бироқ катта бомбалар, миллион-миллион доллар турадиган қанотли ва баллистик ракеталар Украина пойтахтида жиддий вайронгарчиликлар келтириб чиқарди. Бу гал ҳужумда Путин яхши кўрадиган «Орешник» деган баллистик ракетадан ҳам фойдаланишди. Ҳозиргача Россия бу ракетадан бир марта Днепрга, бир марта Лвивга отганди. Бу гал Киевнинг Белая Церков туманига аввал 6 та, кейин 36 тага бўлакка бўлиниши билан ажралиб турадиган баллистик ракета бориб тушди.

Украин нашрларига кўра, руслар аслида бир кеча давомида битта эмас, иккита «Орешник» отган. Биринчи ракета нишонда адашиб, Украинанинг Россия босиб олган ҳудудига тушгани айтилмоқда. Нишонга теккан «Орешник» эса Киевдаги гаражлар устига тушган. У ердан видео олган украинлар «Орешник» Саша амакининг гаражига тушибди, демак барча стратегик қарорлар мана шу машина таъмирловчи амаки томонидан қабул қилинган экан, деб ҳазиллашмоқда.

Бу ҳали ҳаммаси эмаскан, Россия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, «Москванинг тоқати тоқ бўлибди» ва эндиги зарбалар «қарор қабул қилинадиган марказларга» бўларкан. Ваҳоланки, якшанбага ўтар кечаси амалга оширилган ҳужумлар ҳам «қарор қабул қилинадиган марказларга» берилиши анонс қилинганди. Россия бош дипломатик идораси хорижий фуқароларни Киевни тезроқ тарк этишга, маҳаллий украинларни ҳарбий объектларга яқинлашмасликка чақирди.