Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Тошкентда таксичилардан пул ундирган жиноий гуруҳ қўлга олинди
Тошкент шаҳри – Яшнобод тумани йўналишида такси хизмати кўрсатувчи ҳайдовчиларга босим ўтказиб, таҳдид қилиш орқали ноқонуний даромад орттириш мақсадида ўзбошимчалик билан ойлик ўлпон жорий этган гуруҳ аъзолари қўлга олинди.
ИИВ маълумотига кўра, гуруҳ етакчиси сифатида Алимқулов Шерзод Умаралиевич жиноий шериклари билан биргаликда ҳайдовчига куч ишлатиб, тан жароҳати етказган. Арзчининг ҳаёти ва соғлиғига зиён етказиш билан қўрқитиб, Яшнобод тумани ҳудудида қатновни давом эттириши эвазига олдиндан 2 ойлик тўлов сифатида 810 АҚШ доллари олган.
Ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ етакчиси ва унинг шерикларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сирдарёда тадбиркорлар мулки суд қарорисиз бузилмоқда
Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳри, Навоий шоҳкўчасида жойлашган енгил типдаги савдо дўконларини 8 январ куни мажбурий тартибда бузиш бошланди. Мурожаатчиларга кўра, бузиш ишлари суд қарорисиз, компенсациясиз, тезкорлик билан амалга оширилган. Арзчилар ИИБга олиб кетилаётгани айтилмоқда.
Бу ҳудуд 2007 йилда Гулистон шаҳар ҳокимлигининг қарори билан енгил типдаги савдо дўконлари қуриш учун ажратилган. Шу ерда 30 дан ортиқ тадбиркор қарийб 18 йил давомида расман фаолият юритиб келган. Уларнинг айтишича, шу йиллар мобайнида солиқлар тўланган, фаолиятга ҳеч қандай эътироз билдирилмаган.
Тадбиркорлар сўзларига кўра, шаҳар ҳокимлиги вакиллари дўкон эгаларидан қисқа вақт ичида савдо объектларини ўзлари бузиб ташлашни талаб қилган. Акс ҳолда, оғир техника ёрдамида бузиб ташланиши айтилган. Айрим мулкдорлар суд қарори тақдим этилишини сўраб, бузишга қарши чиққан.
Учтепа тумани ҳокимлиги ходими 3 минг доллар билан ушланди









