Ўзбекистон | 13:51 / 13.01.2026
738
1 дақиқада ўқилади

Белгиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси иш бошлади

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Белгиянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси (қароргоҳи Остона шаҳрида) Эрик де Майерни қабул қилди.

Фото: Telegram / bakhtiyor_saidov

ТИВ раҳбари ўзининг расмий саҳифасида учрашувдан мамнун эканини билдириб, музокараларда икки томонлама муносабатларнинг барча йўналишлари муҳокама қилинганини маълум қилди. Хусусан, Ўзбекистон ва Белгия ўртасида савдо, инвестиция ва ишбилармонлик ҳамкорлигини янада ривожлантириш, шунингдек амалий иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги алоҳида таъкидланган.

Учрашув якунида элчига мамлакатдаги дипломатик фаолиятида муваффақият тилаклари изҳор этилган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ва Белгия ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 16 март куни ўрнатилган.

Шунингдек, “Дунё” АА келтирган маълумотга кўра, Белгиянинг янги элчиси 59 ёшда бўлиб, 1993 йилдан буён халқаро ташкилотлар, Белгия Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги ваколатхоналарида масъул лавозимларда ишлаган тажрибали дипломат ҳисобланади.

Эрик де Майер 2024 йилда Белгиянинг Тошкентдаги элчиси сифатида аккредитациядан ўтган Анри Вантигем ўрнини эгаллаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид