Жаҳон | 09:53
1195
3 дақиқада ўқилади

Эрон ТИВ намойишлар ҳақидаги баёнотлар сабаб европалик элчиларни чақиртирди

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Буюк Британия, Франция ва Германия элчиларидан ушбу давлатлар Эрондаги ҳукуматга қарши намойишларни очиқ қўллаб-қувватлагани учун тушунтириш талаб қилди. Европа парламенти эса эронлик дипломатларни персона нон грата деб тан олди.

Фото: Reuters

Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатдаги ҳукуматга қарши намойишлар оммавий равишда қўллаб-қувватлангани сабаб Буюк Британия, Франция ва Германия элчиларини чақиртирди. Бу ҳақда душанба куни, 12 январда Эроннинг давлат ахборот агентлиги Tasnim хабар қилди.

Бундан бир кун олдин АҚШ президенти Доналд Трамп Эрондаги намойишларнинг шафқатсиз бостирилиши фонида Оқ уй Эронга нисбатан бир неча “жуда қаттиқ” ҳаракат вариантларини кўриб чиқаётганини айтган эди. “Қизил чизиқ” деб белгиланган чегара — намойишчиларнинг ўлдирилиши Эрон томонидан кесиб ўтилдими, деган саволга Трамп: “Афтидан, улар буни бошлаяпти”, деб жавоб берди.

Европа парламенти Эрондаги ҳукуматга қарши намойишларни бостиришга жавобан эронлик дипломатларни ўз ҳудудида бўлишини тақиқлади. Бу ҳақда душанба куни, 12 январда Politico Европа парламенти раиси Роберта Метсола номидан юборилган мактубга таяниб хабар қилди.

Тақиқ Европа парламентининг Брюссел ва Страсбургдаги барча биноларига, шунингдек, Люксембургдаги котибиятига ҳам тааллуқли. Европа парламентига киришда Эроннинг барча фуқаролари махсус текширувдан ўтади — агар уларнинг исмлари Теҳрондаги режим учун ишлайдиганлар базасида қайд этилган бўлса, уларга кириш рад этилади.

“Эрон халқи бу парламент томонидан қўллаб-қувватлаш ва ҳамжиҳатликка янада таяна олади”, — деб ёзган Метсола Европа парламенти депутатларига йўллаган мактубида.

Эронда ҳукуматга қарши намойишлар 2025 йил 28 декабрдан бери давом этмоқда. Дастлаб мамлакат аҳолиси миллий валютанинг қадрсизланиши фонидаги молиявий инқирозга қарши чиққан, аммо кўп ўтмай намойиш иштирокчиларининг иқтисодий талаблари сиёсий талабларга айланган.

Намойишлар мамлакатнинг 25 вилоятидаги 60 дан ортиқ шаҳарни қамраб олган. Энг йирик акциялар Теҳронда, шунингдек, Малекшоҳий, Керманшоҳ, Лордеган шаҳарларида — мамлакатнинг ғарби ва жануби-ғарбида бўлиб ўтмоқда. Ҳокимият намойишларни бостиришни бошлаган, бироқ содир бўлаётган воқеалар ҳақида ишончли маълумотлар йўқ — бир неча кундан бери Эронда интернет тўлиқ ўчирилган.

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар маълумотларига кўра, намойишлар давомида 600 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид