Жаҳон | 16:48
5413
4 дақиқада ўқилади

Эрон АҚШнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчиларини огоҳлантирди

Теҳрон расмийлари Саудия Арабистони, БАА ва Туркияга алоқага чиқиб, агар Эронга зарба берилса, уларнинг ҳудудидаги АҚШ базалари ҳужумга учрашини айтди. Бу баёнот – Доналд Трамп эронликларни намойишларни давом эттиришга чақирганидан кейин янграмоқда.

Фото: Reuters

14 январ куни Теҳрон АҚШнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчиларини огоҳлантирди. Унга кўра, агар АҚШ Эронга ҳужум қилса, Теҳрон Яқин Шарқ давлатлари ҳудудидаги АҚШ базаларига зарба беради.

Бу ҳақда Reutersʼга анонимлик шарти билан гапирган Эроннинг юқори мартабали расмийсига кўра, Теҳрон минтақадаги АҚШ иттифоқчиларидан «Вашингтонни Эронга ҳужум қилишдан тўхтатишни» сўраганини айтди.

«Теҳрон – Саудия Арабистони ва БААдан тортиб Туркиягача бўлган минтақа давлатларига агар АҚШ Эронга зарба берса, уларнинг ҳудудидаги АҚШ базалари ҳужумга учрашини айтди», — деди у.

Расмий шунингдек, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи билан АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф ўртасидаги бевосита алоқалар тўхтатилганини қўшимча қилди. Бу эса кескинлик кучаяётганини акс эттиради.

Эрон давлат ОАВлари хабарига кўра, мамлакатнинг энг юқори хавфсизлик органи раҳбари Али Ларижоний Қатар ташқи ишлар вазири билан гаплашган. Аббос Арақчи эса БАА ва Туркия ташқи ишлар вазирлари билан мулоқот қилган.

Арақчи БАА ташқи ишлар вазири Шайх Абдуллоҳ бин Зоидга «вазият тинчлангани»ни ва эронликлар ҳар қандай ташқи аралашувга қарши ўз суверенитети ва хавфсизлигини ҳимоя қилишга қатъий бел боғлаганини айтган.

АҚШ таҳдидлари ортидан

Эроннинг бу огоҳлантириши АҚШ президенти Доналд Трампнинг намойишчиларни қўллаб-қувватлаш учун аралашиш ҳақидаги таҳдидларидан кейин янгради.

Фото: BBC

Трамп сешанба куни CBS Newsʼга берган интервюсида агар Эрон намойишчиларни қатл этса, «жуда қатъий чоралар» кўрилишини ваъда қилди. Шунингдек, Трамп эронликларни норозиликни давом эттиришга чақириб, «ёрдам йўлда» эканини айтди, бироқ тафсилот бермади.

Бундан ташқари, АҚШ Давлат департаменти сешанба куни америкаликларни Эрондан зудлик билан чиқиб кетишга чақирди.

Исроиллик манбалар баҳосига кўра, Трамп аралашишга қарор қилган, бироқ бу ҳаракатнинг кўлами ва вақти ҳали аниқ эмас.

Reutersʼнинг яна бир исроиллик манбаси кеча кечқурун бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг хавфсизлик кабинети Эрон режимининг қулаши ёки АҚШ аралашуви эҳтимоллари ҳақида хабардор қилинганини айтди.

Исроил ўтган йили Эрон билан 12 кунлик уруш олиб борган, АҚШ эса унга қўшилган эди. Шундан сўнг Эрон АҚШнинг ядровий объектларига берган зарбаларига жавобан Ал-Удейд базасига ракеталар отган.

Фото: Reuters

Ҳозирда Эронда интернет ўчирилгани сабабли ахборот оқими чекланган.

АҚШда жойлашган ҳуқуқ гуруҳи ҳозиргача 2 403 нафар намойишчи ва 147 нафар ҳукуматга алоқадор шахс ўлимини тасдиқлаганини айтди. Эрон расмийси эса қарийб 2 000 киши ҳалок бўлганини билдирган. Яна 18 мингдан ортиқ инсон ҳибсга олингани айтилмоқда.

Эрон расмийлари тартибсизликларни АҚШ ва Исроил қўзғатаётганини айблаб, зўравонликни «хавфсизлик кучлари, масжидлар ва жамоат мулкига ҳужум қилган террорчилар» билан боғламоқда.

Душанба куни Эронда ҳукуматни қўллаб-қувватловчи митинглар бўлиб ўтди. Хавфсизлик кучларида ҳозирча бўлиниш белгилари кузатилмаган.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид