Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонга киришига халал бераётган қонун ўзгартирилмоқда
Қонунчилик палатаси «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга киритиладиган тузатишларни маъқуллади. Улар айрим маълумотларни чет элда қайта ишлаш ва сақлаш имкониятини кўзда тутади. Бу Apple Pay ва Google Pay тўлов тизимларини ишга туширишга ёрдам бериши мумкин.
Фото: Reuters
Қонунчилик палатаси 20 январ куни ўтказилган мажлисда «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга киритиладиган тузатишларни маъқуллади.
Мажлисда таъкидланганидек, Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар улушини ошириш, шунингдек, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар жараёни замонавий рақамли тўлов тизимларини жорий этиш ва халқаро онлайн тўлов компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтиришни тақозо этади.
Шу муносабат билан лойиҳада Ўзбекистон ҳудудида мажбурий тарзда сақланиши лозим бўлган шахсга доир маълумотлар турларини аниқ белгилаш, шунингдек, айрим маълумотларни чет элда қайта ишлаш ва сақлаш учун хавфсизлик, халқаро стандартларга риоя этиш ва ваколатли орган талабларини бажариш каби шартларни жорий этиш таклиф этилди. Мажлисда ушбу ўзгартиришлар орқали халқаро тўлов тизимларини мамлакатга жалб қилиш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, рақамли хизматлар бозорини кенгайтириш ҳамда фуқаролар ва сайёҳлар учун замонавий тўлов имкониятларини яратишга хизмат қилиши қайд этилди.
Якунда «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Apple Pay - бу дўконлар, иловалар ва сайтлардаги харидларни iPhone, Apple Watch, iPad ёки Mac орқали бириктирилган банк карталари билан тўлаш имконини берувчи контактсиз тўлов хизмати; карта рақамини узатиш ўрнига токенлаш ва биометрик ҳимоя (Face ID, Touch ID ёки код) қўлланилади, бу эса тўловларни тез ва хавфсиз қилади.
Google Pay - бу Google компаниясининг тўлов хизмати бўлиб, у смартфон ёки Android тизимидаги бошқа қурилмалар, шунингдек, браузер орқали дўконлар, иловалар ва сайтлардаги харидлар учун тўловларни амалга ошириш имконини беради; хизмат бириктирилган банк карталаридан фойдаланади, контактсиз тўлов (NFC) билан ишлайди ва маълумотларни шифрлаш ва токенлаш орқали ҳимоя қилади.
Мавзуга оид
14:57 / 27.09.2025
Ўзбекистонда шахсий маълумотларни сақлаш қонуни инновацияни ўлдиряптими?
23:27 / 27.12.2024
Интернетда Volkswagenʼнинг 800 мингга яқин электромобили ҳайдовчиларига оид маълумотлар тарқалиб кетди
19:05 / 25.12.2024
Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонга киришни нега рад этаётгани маълум бўлди
17:43 / 02.10.2024