Ўзбекистон | 17:55 / 23.01.2026
3214
3 дақиқада ўқилади

Ҳар бир вазирлик ва ҳокимликнинг фаолияти маҳалла билан боғланади – президент

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилдаги асосий вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Давлат раҳбари маҳалла ислоҳот қаерда ишлаётганини ҳам, қаерда тўхтаётганини ҳам аниқ кўрсатадиган жой эканини таъкидлади.

«Ўтган бир йилда 366 минг оила камбағалликдан чиқди, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш соҳасида қилинган чоралар сабабли камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизлик эса 5,5 фоиздан 4,8 фоизга тушди. Буларнинг барчаси – ислоҳотларимиз самараси бўлиб, давлат ва халқ ўртасидаги ишонч тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат. Лекин ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Биз 2026 йилни «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили», деб эълон қилиб, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича катта вазифаларни белгилаб олдик. Чунки маҳалла бу – ислоҳот қаерда ишлаётганини ҳам, қаерда тўхтаётганини ҳам аниқ кўрсатадиган жой. Маҳаллада ишсиз одам ва камбағал оила сақланиб қолган бўлса, демак, ислоҳот ўша ерга етиб бормаган. «Еттилик» ва банкир одамлар муаммосини ҳал қилмаётган бўлса, демак, шу ерда тизим ишламаяпти. Ҳеч бир вазир, вилоят, туман ҳокими, банкир “еттилик”ни баҳона қилишга ҳаққи йўқ. Имконият ва маблағ бор, қарор ва дастур бор. Етишмаётган нарса – масъулият, шахсий жавобгарлик», деди Шавкат Мирзиёев.

Президент мавжуд имкониятларни ишга солиш бўйича ҳокимлар ва «маҳалла еттилиги»га методик билим ва тажриба етишмаётгани, масъул вазирлик ва идоралар эса уларга кўмаклашмаётганини кўрсатиб ўтди.

Арнасойда чорвачилик, Шўрчида банан етиштириш, Қувада анорчилик, Бўстонлиқда асаларичилик бўйича аҳоли ва тадбиркорлар яратган тажрибалар шундай ихтисослашувга эга бошқа туманлар учун яхши намуна бўла олиши, лекин бундан унумли фойдаланилмаётгани қайд этилди.

«Бундай тажрибалар ҳамма жойда бор. Лекин уларни ўргатиб, қамровини кенгайтирадиган тизим йўқ!», деди давлат раҳбари.

Мутасаддиларга бир ойда ишсизлик ва камбағаллик юқори маҳаллалардаги имкониятларни ўрганиб, уларга энг яхши тажрибаларни олиб кириш бўйича методик қўлланма қилиб бериш топширилди. Ҳокимлар эса жойларда бунинг ижросини ташкил этиб, одамларни ишли қилиш, даромадини кўпайтириш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топишга масъул ва жавобгар бўлади.

«Умуман, бу йил ҳар бир вазирлик ва ҳокимликнинг фаолияти маҳалла билан боғланади, қабул қилинадиган қарорларда ҳам маҳаллада нима ўзгариши назарда тутилади, деди президент.

1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробар ошириб, 3,5 мингга етказиш, ишсизлик ва камбағалликни 4,5 фоизга тушириш жорий йил учун вазифа этиб белгиланди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид