Ассалому алайкум. Бугун 25 январ, якшанба. Америкалик миллиардер Доналд Трампнинг бенефисига айланган ҳафта ортда қоляпти. Ҳафта давомида мистер Трамп Гренландияга таҳдидларни давом эттирди, кечагача ажралмас иттифоқчи бўлган Европа ва Американи деярли душманга айлантирди. Лекин Эрондаги намойишчиларга ваъда қилган ёрдамни кўрсатишга журъати етмади.

Шунингдек, ҳафта давомида ақлдан озаётган дунёда собиқ СССР таркибига кирган яна бир давлат ўз хавфсизлигидан хавотирга тушиб, қўшни давлат билан бирлашиш ҳақида жиддийроқ ўйлай бошлади. Зеленский эса Россия кемаларини чўктириш бўйича европаликларга тавсиялар берди. Қуйида ҳафта давомида дунё сиёсатида содир бўлган шу ва бошқа муҳим воқеаларни биргаликда эслаймиз.

«Гренландия бизники», деди Трамп

Демак америкалик Трамп ҳафта давомида Данияга тегишли бўлган дунёдаги энг катта орол Гренландияга нисбатан таҳдидларини давом эттирди. Орол аҳолиси Америкага қўшилмаслигини айтиб намойишга чиққани, ҳатто урушишга тайёрлигини айтгани ҳам миллиардерни фикридан қайтара олмади.

Ҳафтанинг энг муҳим учрашуви Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтказилди. Анъанавий иқтисодий форумда Трампга ҳам сўз беришди. Унинг айтишича, Гренландия Америкага «минтақа хавфсизлигини таъминлаш учун» керак экан. Шунингдек, Америка Иккинчи жаҳон урушидан кейин Данияга Гренландияни қайтарган экан.

Шу ерда қофия келганда маънони бир чеккага суриб гапириб юборган Трамп тарихий хатога йўл қўйди. Чунки Гренландия ҳеч қачон Американики бўлмаган. Иккинчи жаҳон уруши вақтида Дания немислар оролни эгаллашидан қўрқиб, у ерда америкаликлар ҳарбий база қуриши бўйича келишув имзолаган. Ҳуқуқий жиҳатдан Гренландия 1933 йилдан Данияга тегишли.

Трамп европаликлар олдида чиқиш қилиб, АҚШ улар учун қилган ишларини миннат қилди. Орада Америка қилмаган ишларни ҳам санаб ўтди, ўша гап, қофия келиб қолди. Кейин «шунча қилганимиздан кейин биттагина нарса сўраяпман, бир парча муз», деди. Қизиқ замонда яшаяпмиз, атрофга қарасангиз, ҳамма нарса замонавий, инсон онги ривожлангандек гўё, лекин Европадаги орийлар қатнашадиган энг зўр иқтисодий форумда дунёдаги энг бой давлат вакили чиқади-да, бутун бошли мамлакат ҳудудий яхлитлиги ҳақида мазах қилиб гапиради.

Жаноб, сиз вискига солиб ичиш учун бир парча муз сўраётганингиз йўқ, сиз бир парча муз деётган ўша совуқ ўлкани минглаб одамлар ватан тутган, ўз ҳаётини қурган. Сиз улардан ота ҳовлисини, ватанини сотишни сўраяпсиз. Бўлмаса босиб оламан деяпсиз. Ўзидан кучсизларга бунақа ўдағайлаш асло кучлилар хусусияти эмас. Кимдир атрофидаги ҳаммага таҳдид қиляптими, у кучли эмас, шунчаки кучли кўринишга уриняпти. Ўтган аср ўртасида ҳам биттаси бутун Европага таҳдид қилиб чиққанди. Охири нима бўлди? Ҳатто судда туриб жавоб беришга ҳам журъати етмади.