2025 йилда Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 6 млн 376 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,9 фоизга ўсди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.

Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори Тошкент шаҳри (10 млн 753 минг), Навоий (7 млн 871 минг) ва Тошкент вилоятида (5 млн 967 минг), энг кам миқдори эса Қашқадарё (4 млн 476 минг), Сурхондарё (4 млн 481 минг) ва Фарғона (4 млн 730 минг) вилоятларида қайд этилган.

Ойлик маошларнинг энг юқори ўсиши Наманган (+22,8 фоиз), Сирдарё (+20,8 фоиз) ва Жиззах (+20,7 фоиз) вилоятларида кузатилган.
Ҳисобот даврида фақатгина иккита маъмурий ҳудудда (Тошкент шаҳри ва Навоий вилояти) номинал иш ҳақи республикадаги ўртача даражадан юқори бўлиб, қолган барча ҳудудларда бу кўрсаткич республика даражасидан турли миқдорда паст шаклланган.
Пойтахт ва ҳудудлар ўртасидаги иш ҳақи фарқи катталигича қоляпти. Хусусан, энг юқори (Тошкент) ва энг паст (Қашқадарё) иш ҳақи ўртасидаги тафовут 2,4 баробар бўлган.
2020-2024 йилларда энг кўп ва энг кам ўртача ойлик тўланувчи ҳудудлардаги тафовутлар:
- 2020 йилда: (Тошкент/Қашқадарё). Фарқ – 96 фоиз;
- 2021 йилда: (Тошкент/Сурхондарё). Фарқ – 2,03 баробар;
- 2022 йилда: (Тошкент/Самарқанд). Фарқ – 2,17 баробар;
- 2023 йилда: (Тошкент/Наманган). Фарқ – 2,25 баробар;
- 2024 йилда: (Тошкент/Қашқадарё). Фарқ – 2,5 баробар.
Ҳисобот якунларига кўра, соҳалар кесимида ўртача ойлик иш ҳақи миқдори:
- банк, суғурта, лизинг ва кредит воситачилик фаолиятида – 17 млн 597 минг сўм;
- ахборот ва алоқа соҳасида – 15 млн 298 минг сўм;
- ташиш ва сақлаш соҳасида – 9 млн 659 минг сўм;














