Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия армияси йўловчи поездига дрон билан зарба берди: ҳалок бўлганлар бор
Россия дронлари Харкив вилоятидаги йўловчи поездига ҳужум қилди. Зарба пайтида поездда 200 нафардан ортиқ одам бор эди. Иккита дрон йўналиш ёнига қулаган, учинчиси эса вагонга тегган. Ҳозирча 5 киши ҳалок бўлгани маълум.
Фото: Sofiia Gatilova/REUTERS
РФ армияси сешанба, 27 январ куни Харкив вилоятидаги Язиковое қишлоғи яқинида йўловчи поездни ҳужумкор дронлар билан нишонга олди. “Чоп — Харков — Барвенково” йўналиши бўйлаб ҳаракатланган поездда зарба вақтида 200 нафардан ортиқ йўловчи бўлган. Харкив вилояти прокуратураси хабарига кўра, икки дрон йўналиш ёнига қулаган, учинчиси эса вагонга урилиб, ёнғин келиб чиққан.
Ҳозирча беш нафар ҳалок бўлган инсоннинг танаси парчалари топилгани маълум. Қурбонларни ДНК экспертизаси орқали аниқлашмоқда.
Украина президенти Володимир Зеленский йўловчи поездга берилган зарбани “терроризм” деб баҳолади.
“Поезд вагонидаги тинч аҳолини йўқ қилишда ҳеч қандай ҳарбий мақсад йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Хусусан, ўша поездда 200 нафардан ортиқ одам бор эди. Россия дронларидан бири урилган вагонда эса 18 киши бўлган”, — деб ёзди Украина раҳбари ўзининг Telegram-каналида ва ҳужум оқибатлари акс этган видеони эълон қилди.
27 январ кечаси Россия томонидан берилган зарба натижасида Харкив шаҳри ва вилоятининг 80 фоизи электр таъминотисиз қолган. Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) раҳбари Олег Синегубовнинг айтишича, зарбалар “Торнадо-С” ялпи ўт очиш реактив тизими ҳамда Shahed туридаги дронлар ёрдамида амалга оширилган.
Харкив 26 ва 24 январ кунлари ҳам ҳужумларга учраган. Шаҳар мэри Игор Терехов кўп қаватли уйлар, туғуруқхона, мактаб ва болалар боғчаси бинолари зарар кўрганини маълум қилган.