Наманганда Россия армиясига ёлланган шахс жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳукмида келтирилишича, 1995 йилда туғилган Р.С. 2021 йилнинг 2 октябр куни ишлаб пул топиш мақсадида Россияга борган. 2022 йилнинг январ ойида у наркотик моддалар савдосида айбланиб қўлга олинган. 2023 йил августда эса наркожиноятда айбли деб топилиб, 9,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
2024 йил сентябрда ҳарбий хизматчилар Р.С. жазо муддатини ўтаётган жазони ижро этиш муассасасига келиб, маҳкумларга “Россия–Украина” урушида Россия томонидан иштирок этишни таклиф қилган. Бунинг учун жазодан озод этиш, катта миқдордаги маош ҳамда Россия фуқаролиги ваъда қилинган.
2025 йил январ ойида Р.С. Россия Мудофаа вазирлиги билан бир йиллик шартнома имзолаган. Бироқ у судда шартномани моддий манфаат кўзлаб эмас, қамоқхонада ўлиб кетмаслик учун имзолашга мажбур бўлганини билдирган.
“2021 йил 2 октябрда ишлаш учун Россияга бориб, йўловчи ташиш, турли маҳсулотларни бир жойдан иккинчи жойга етказиб бериш билан шуғуллана бошладим. 2022 йил 21 январ куни дори воситаларини айтилган манзилга олиб бораётганимда милиция ходимлари ушлади. Сўнг суд томонидан 9 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиндим.
2024 йил сентябр ойидан бошлаб ҳарбий хизматчилар жазони ижро этиш муассасасига келиб, Украинага қарши урушга бориш таклифини билдира бошлади. Урушга бориш эвазига афв этиш, Россия фуқаролигини беришни таклиф қилишди. Дастлаб бу таклифга ҳеч ким рози бўлмади. Шундан сўнг октябр ойидан бошлаб қамоқхона маъмурияти рус миллатига мансуб бўлмаган барча маҳбусларни бесабаб қаттиқ режимдаги изолятор, яъни “карцер”га киритишни бошлади.
Мени ҳам 2024 йил 3 октябр куни “карцер”га киритишди. “Карцер”нинг шароити жуда ёмон – зах, деворлари ёрилган ва ҳавоси жуда совуқ эди. Шунингдек, “карцер”дагиларнинг овқатига атайлаб чўчқа гўшти қўшиб беришар, сувни ҳам ўчириб қўйишарди. Шу билан бирга бизга психологик ва жисмоний тазйиқ ўтказишди.
Шу орада қамоқхона бошлиғининг биринчи ўринбосари ким урушга кетишга рози бўлса ва бир йиллик шартномага имзо қўйса, “карцер”дан чиқишини, агар имзо қўймаса, чиқмаслигини ҳамда шу ерда ўлиб кетишини айтди. Шароит оғирлиги сабаб ҳамда ўлиб кетмаслик учун 2025 йил 4 январ куни мажбурликдан жазо муддатини ўтаётган бошқа шахслар билан бир йиллик шартномага имзо қўйдим”, деган Р.С. суддаги кўрсатмасида.








