Иқтисодиёт | 11:06
548
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондан Покистонга анор, узум ва олхўри экспорти бўйича талаблар белгиланди

Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган Покистон–Ўзбекистон ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг 10-йиғилиши доирасида Ўзбекистондан Покистонга анор, узум ва олхўри экспорти бўйича фитосанитария талабларини белгилайдиган баённома алоҳида қайд этилди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Маълум қилинишича, 2025 йил 18 декабр куни имзоланган мазкур ҳужжат Ўзбекистондан истеъмол учун мўлжалланган анор, узум ва олхўрини Покистон бозорига етказиб беришда амал қилинадиган фитосанитария қоидаларини белгилаб беради. Томонлар ушбу келишувни мева-сабзавот савдосини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади.

Музокаралар давомида фитосанитария соҳасида ҳамкорликни тизимли асосда йўлга қўйиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди. Ушбу гуруҳ маҳсулотларнинг ўзаро бозорга киришини кенгайтириш, ахборот алмашинувини кучайтириш ҳамда техник масалаларни мувофиқлаштириш билан шуғулланади.

Шунингдек, томонлар Ўзбекистондан Покистонга янги олма, анжир, лимон ва аччиқ қалампир экспорти бўйича фитосанитария талабларини белгилашга қаратилган навбатдаги баённомани имзолашга тайёр эканини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид