Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигида текширув: миллиардлаб зарар аниқланди
Жорий йил январ ойи бошида тузилган ишчи гуруҳ Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигига тегишли ҳудудларда ўрмон хўжалиги ерларидан мақсадли фойдаланиш бўйича текширув ўтказди. Натижада ердан фойдаланиш тартиби бузилгани, ижара тўловлари ундирилмагани ҳамда норуда материаллар ноқонуний қазиб олингани аниқланди. Бир қатор мансабдор шахслар пора олиш ҳолатларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Фото: Видеодан кадр
Жорий йил январ ойи бошида тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган текширувлар давомида Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигига тегишли ерлардан мақсадли фойдаланиш борасида жиддий қонунбузарликлар аниқланди.
Муассаса мансабдор шахсларининг ўз вазифаларига совуққонлик билан ёндашуви натижасида хўжалик ер майдонларини ижарага олган 5 нафар тадбиркор томонидан тегишли ташкилотлар рухсатисиз ўзбошимчалик билан бино ва иншоотлар қурилган, ер участкалари ихтисослашуви ўзгартирилган. Бу ҳолатлар давлат манфаатларига жиддий зарар етказган.
Шунингдек, 460 нафар ижарачидан ижара пуллари ундирилмагани оқибатида давлат манфаатларига 1 млрд 480 млн сўм зарар етказилгани қайд этилди.
Ўрмон хўжалиги мансабдорлари айрим ижарачилар билан тил бириктирган ҳолда 2023–2025 йиллар давомида жами 5356 м³ норуда материалларни ноқонуний қазиб олгани, натижада давлатга 1 млрд 322 млн сўм миқдорида зарар етказилгани билдирилди.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 193-, 196-1-, 207- ва 229-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тезкор тадбирлар натижасида бир қатор пора олиш ҳолатлари ҳам фош этилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигининг бўлим ўрмонбегиси аввал хўжалик балансида бўлган, кейинчалик туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган ерларнинг 20 сотих қисмини танишлари орқали Чуст туманида яшовчи 1998 йилда туғилган фуқарога турар-жой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор тадбир давомида ушбу маблағдан 500 АҚШ долларини олган вақтида Давлат кадастрлар палатасининг Поп туман филиали мутахассиси ҳам ушланган. Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги директори вазифасини вақтинча бажарувчи шахс хизмат мавқеидан фойдаланиб, ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартибини бузган ҳолда маҳаллий тадбиркорга хўжалик балансидаги 50 сотих ер майдонини шартнома асосида ижарага бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилган. У олдиндан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, ушбу мансабдор шахс муқаддам бир неча бор судланган бўлишига қарамасдан, берилган имкониятлардан тўғри фойдаланмаган.
Мавзуга оид
08:29 / 02.02.2026
Чегара орқали ноқонуний дори олиб киришга уринган шахс қўлга тушди
17:49 / 30.01.2026
Баҳодир Қурбонов ЎФА президентлигига қайта сайланди
16:57 / 28.01.2026
Навоийда олтин қазиш фаолияти билан ноқонуний шуғулланиб келган гуруҳ ушланди
13:16 / 22.01.2026