Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўмонда Америка-Эрон музокаралари бошланди
Фото: Getty Images
6 феврал тонгида Ўмон пойтахти Маскат шаҳрида АҚШ ва Эрон делегациялари иштирокидаги музокаралар бошланди, деб хабар бермоқда Эрондаги Mehr ахборот агентлиги.
Эрон делегациясига ислом республикаси ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи раҳбарлик қилмоқда. Америка томонидан АҚШ президенти махсус вакили Стив Уиткофф, Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер ҳамда АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги бошлиғи, адмирал Брэд Купер қатнашмоқда.
Музокаралар мавзуси Эроннинг ядровий дастури ва ислом республикасига нисбатан санкцияларни юмшатиш масаласи бўлиши айтилган.
Эрондаги кенг кўламли намойишлардан кейин АҚШ президенти Доналд Трамп агар маҳаллий расмийлар ядровий келишувдан бош тортадиган бўлса, Теҳрон бўйлаб ҳарбий зарбалар йўллаш билан таҳдид қилганди. Кейинроқ у Вашингтон ва Теҳрон музокаралар олиб бораётгани, Эрон масаласи бўйича қандай йўл тутишни шу музокаралардан кейин ҳал қилишини айтганди.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио Қўшма Штатлар музокараларда Эроннинг ракета ва ядро дастурлари, Яқин Шарқдаги террорчи гуруҳлар Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланиши, шунингдек, Эрон расмийларининг ўз аҳолисига муносабатини муҳокама қилмоқчи эканини айтганди. Бунга жавобан Теҳрон фақат ядро дастурини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирганди.
4 феврал куни Axios нашри манбаларга таяниб, АҚШ кун тартиби бўйича келишмовчиликлар туфайли Эрон билан музокараларни бекор қилгани ҳақида хабар берганди. Лекин Эрон Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотни тасдиқламаганди.
Ўмондаги музокаралар бошланишидан олдин АҚШ ҳукумати Эрондаги ўз фуқароларини ушбу мамлакатни зудлик билан тарк этишга чақирганди.