Жамият | 13:30
6258
3 дақиқада ўқилади

Ню Йоркда 11 ёшли ўзбекистонлик мактаб автобуси уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди

У бу вақтда пиёдалар йўлагини кесиб ўтаётган бўлган, ҳайдовчи эса тўқнашувни пайқамасдан, йўлида давом этган. Амиранинг қўшнилари чорраҳада ҳамдардлик бурчаги ташкил қилишган. Ню Йоркдаги Бош консулхона боланинг онаси билан алоқада эканини билдирди.

Фото: NY Daily News / CBS

5 феврал куни маҳаллий вақт билан соат тахминан 15:00 да Ню Йорк шаҳрининг Бруклин туманидаги чорраҳада ўзбекистонлик 11 ёшли Амира Аминовани мактаб автобуси уриб кетди.

Полиция маълумотига кўра, боши ва танасидан оғир жароҳатлар олган жабрланувчи Бруклиндаги Маймонид тиббиёт марказига олиб борилган, аммо шифокорлар уни қутқариб қололмаган.

Кузатув камераларидаги тасвирларда Амира пиёдалар йўлагидан ўтаётгани акс этган – бу вазиятда йўлни кесиб ўтишда устунлик пиёдада бўлган, аммо чорраҳадан бурилган автобус ҳайдовчиси уни кўрмай қолган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, тез ёрдам етиб келгунига қадар, йўлдан ўтиб кетаётган ҳамшира Амирага юрак-ўпка реанимациясини ўтказиш орқали ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилган.

Мактаб автобуси бошқарувида бўлган 62 ёшли ҳайдовчи Вава Аурелус эса воқеа жойида тўхтамасдан кетиб қолган. Кейинчалик у тўхтатилиб, сўроқ қилинганида бу тўқнашувни пайқамаганини айтган.

Ҳайдовчига нисбатан пиёдага йўл бермаслик ва транспорт воситасини бошқаришда зарур эҳтиёт чораларини кўрсатмаслик (эътиборсизлик) бўйича айблов қўйилган. Воқеа жойини тарк этиш бўйича айблов қўйилмаган.

Суд 24 феврал кунига белгиланган.

CBS News маълумотига кўра, фожиа Амира яшайдиган уйдан тахминан 60 метр масофада рўй берган. Қўшнилар чорраҳада норасмий хотира бурчагини ташкил қилишган – у ерда гуллар, шамлар, юмшоқ айиқча ва қизалоқнинг энг севимли ширинлиги – оқ шоколадлар қолдиришган.

Ўзбекистоннинг Ню Йорк шаҳридаги бош консулхонаси Бруклинда йўл-транспорт ҳодиса юзасидан муносабат билдирди.

«Марҳум қизалоқнинг онасига, яқинлари ва барча қариндош-уруғларига ушбу оғир ва қайтиб тўлдириб бўлмас йўқотиш муносабати билан самимий ва чуқур таъзия билдирамиз», – дейилади хабарда.

Бош консулхона боланинг онаси билан доимий алоқада бўлиб тургани, шунингдек, Ню Йоркдаги тегишли ваколатли идоралар билан ҳамкорлик қилаётганини билдирган.

«Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик муассасалари марҳуманинг оиласига биринчи мурожаатданоқ ва тўлиқ ҳажмда зарур ёрдам кўрсатишга тайёр», – дея қўшимча қилинади баёнотда.

Мавзуга оид