Иқтисодиёт | 07:40
3377
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг катта 10 та махсус иқтисодий зона

Махсус иқтисодий зона — мамлакат қуруқлик соҳилидан 200 денгиз милясигача (370 километр) чўзилган денгиз макони ҳудудидир. Янги инфографикада энг катта махсус иқтисодий зоналарга эга давлатлар кўрсатилган.

Махсус иқтисодий зонада давлатлар табиий ресурсларни қидириш, ўрганиш ва улардан фойдаланиш (эксплуатация қилиш) бўйича эксклюзив ҳуқуқларга эга бўлади. Улар сунъий ороллар ва иншоотлар барпо этиши ва улардан фойдаланиши, илмий тадқиқотлар олиб бориши мумкин, шунингдек денгиз муҳитини муҳофаза қилиш ва сақлаш мажбуриятини ҳам олади.

Бошқа давлатлар эса бу зоналарда эркин кемачилик ва парвоз ҳуқуқига эга. Шунингдек, улар сувости кабеллари ва қувурларини ўтказиши мумкин.

Энг катта махсус иқтисодий зона Францияга тегишли — аввало, унинг денгизорти ҳудудлари ҳисобига. Унинг майдони 11,691 миллион квадрат километрни ташкил қилади.

Махсус иқтисодий зонаси катталиги бўйича етакчилар қаторида АҚШ (11,351 миллион квадрат километр) ва Австралия (8,505 миллион квадрат километр) ҳам бор. Россия бу рейтингда тўртинчи ўринда — унинг зонаси майдони 7,566 миллион квадрат километр. Ўнталикка, шунингдек, Буюк Британия, Индонезия, Канада, Япония, Янги Зеландия ва Чили ҳам кирган.

geopolitical.guy

Махсус иқтисодий зоналардан фойдаланиш қоидаларини БМТнинг денгиз ҳуқуқи бўйича конвенцияси белгилайди. Шу билан бирга, баъзан давлатлар ўртасида зоналар чегаралари ёки бошқа давлатларнинг бу зоналардаги фаолияти масаласида баҳслар келиб чиқади.

Масалан, АҚШ ва Хитой ўз махсус иқтисодий зонасида хорижий қуролли кучларнинг разведка фаолиятини тартибга солиш ҳуқуқи масаласини турлича талқин қилади. Аксарият соҳилбўйи давлатлар қирғоқдан 12 денгиз милясидан ташқарида (яъни ҳудудий сувлардан узоқроқда) ўз зоналарида хорижий ҳарбий фаолиятни тартибга солиш ҳуқуқига эга эмас, деб ҳисоблайди. Хитой талқинига кўра эса давлатлар ўз махсус иқтисодий зонасининг бутун ҳудуди бўйлаб хорижий ҳарбий фаолиятни тартибга солиш ҳуқуқига эга.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид