Жаҳон | 13:17 / 10.02.2026
1313
3 дақиқада ўқилади

Россия Марказий банки банк карталари бўйича ягона маълумотлар базасини яратади

Россия Марказий банки мамлакат фуқароларининг банк карталари ҳақида ягона маълумотлар базасини бир йил ичида яратади. Бу ҳақда душанба, 9 феврал куни Давлат думасининг IT-қўмитаси йиғилишида рақамли ривожланиш, алоқа ва оммавий коммуникациялар вазири ўринбосари Иван Лебедев маълум қилди. 

Фото: Михаил Гребенщиков / РБК

РБК нашри келтирган иқтибосга кўра, базада “ҳар бир фуқаронинг нечта картага эгалиги ва улар қайси банкда расмийлаштирилгани” кўрсатилади.

Вазир ўринбосарининг айтишича, МБ ва Рақамли ривожланиш вазирлиги ушбу лойиҳа устида “яхши ишлаган”, “барча нозик масалалар ҳал этилган”. “Бугунги конструкция ҳам фуқаролар эҳтиёжларига, ҳам давлатнинг бу соҳани тартибга солиш вазифаларига жавоб беради”, — дея қўшимча қилган Лебедев, бироқ тафсилотларни келтирмаган.

Банк карталари эгалари учун ягона реестр яратилиши Марказий банкнинг ўзи томонидан ҳам тасдиқланган. Регулятор матбуот хизмати реестр “Антифрод 2.0” қонун лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилаётганини билдирган. Гап Россия ҳукумати томонидан 2025 йил декабр ойида Давлат думасига киритилган киберфирибгарликка қарши кураш бўйича иккинчи чоралар пакети ҳақида кетмоқда. Унда фуқароларни ҳимоя қилишга қаратилган йигирмага яқин ташаббус бор.

Шулар қаторида банк карталари сонига чеклов киритиш ҳам мавжуд: бир банкда — 5 тадан кўп эмас, барча кредит ташкилотлари бўйича эса умумий ҳисобда 20 тадан кўп эмас. Марказий банк тушунтиришича, турли банкларда бир шахс номига очилган карталарнинг умумий сонини ҳисобга олиш учун шу реестр керак бўлади.

2025 йил март ойида Давлат думаси фуқароларни телефон ва интернет фирибгарларидан ҳимоя қилиш ҳақида қонун лойиҳасини қабул қилган. Ҳужжат қуйидагиларни назарда тутади: жиноятчилар овозлари базасини яратиш, давлат органлари ва банкларга фуқаролар билан хорижий мессенжерлар орқали боғланишни тақиқлаш, шахсий иштироксиз сим-карта расмийлаштиришга тақиқ қўйиш имконияти, шунингдек, сим-карталарни яқин қариндошлардан ташқари учинчи шахсларга беришни тақиқлаш.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида спамга қарши чоралар ҳам бор. Хусусан, абонентлар розилигисиз оммавий телефон қўнғироқлари, шунингдек, телефон суҳбати давомида смс-хабар юбориш тақиқланади. Ҳужжатда айтилишича, абонент оммавий қўнғироқлар ва тарқатмаларни қабул қилишдан воз кечиш ҳуқуқига эга, оператор эса бундай рад жавобини олгандан кейин уларни тўхтатиши шарт.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид