Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия банки 2022 йил кузидан бери биринчи марта асосий ставкани пасайтирди
Россия Федерацияси Марказий банки пул-кредит сиёсатининг қарийб уч йил ичида биринчи марта юмшатилишини «инфляция босимининг» пасайиши билан изоҳлади. Аммо кўрсаткичлар урушдан олдинги даврлардан анча узоқ.
Россия банки директорлар кенгаши асосий ставкани 100 та базавий пунктга — йиллик 21 фоиздан 20 фоизгача туширишга қарор қилди. Бу ҳақда регулятор сайтида 6 июн, жума куни чоп этилган пресс-релизда маълум қилинди.
«Жорий инфляция босими, шу жумладан барқарор бўлиб, пасайишда давом этмоқда. Ички талаб товарлар ва хизматлар таклифини кенгайтириш қобилиятидан ошиб кетишда давом этаётган бўлса-да, Россия иқтисодиёти аста-секин мувозанатли ўсиш траекториясига қайтмоқда», деб таъкидлайди Россия Федерацияси Марказий банки.
Россия банки раиси Элвира Набиуллинанинг сўзларига кўра, Россия Федерациясида нархлар таҳлилчилар кутганидек тез ўсмаяпти — бунга юқори асосий ставка ёрдам бермоқда: «Март ойида нархларнинг жорий ўсиш суръати йиллик ҳисобда етти фоизни ташкил этган бўлса, апрел ойида улар тахминан олти фоизга тушди», деди у йиғилиш якунлари бўйича. Шу билан бирга, Набиуллина юқори ставканинг таъсири бозорнинг турли сегментларида нотекис эканлигини таъкидлади.
Россияда инфляцион кутилмалар юқорилигича қолмоқда. Марказий банк пул-кредит шароитлари соҳасида қаттиқ, аммо айни пайтда эҳтиёткор сиёсатни давом эттиради, дея қўшимча қилди Россия Федерацияси Марказий банки раҳбари.