Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раиси Қамчибек Ташиев бир неча кун олдин Германиянинг Мюнхен шаҳрига учиб кетганди. Бу ҳақда Kaktus.media нашри вазиятдан хабардор манбаларга асосланиб хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, унда режали тиббий муолажалар амалга оширилади – уни юрагидаги оғриқ безовта қилган.

У 2021 йилда ҳам Германияда жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказган – ўшанда унинг юрагига яқин жойдаги тромб олиб ташланган.

Ўз навбатида, «Регион» телеканали бош директор Откурбек Рахманов (у қўмита собиқ раисига яқин шахс ҳисобланган) Қамчибек Ташиев ўз истеъфоси ҳақида президент фармони чиққанидан кейингина хабар топгани ҳақида хабар берди.

Бугун, 10 феврал куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиевнинг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги фармонни эълон қилди.

Ташиев билан  бирга унинг яна 3 нафар ўринбосари ҳам лавозимидан озод этилган.

«Мен бу қарорни, энг аввало, давлатимиз манфаатларини кўзлаб, жамиятда, жумладан, давлат тузилмалари ўртасида тарқоқликка йўл қўймаслик, аксинча – бирдамликни мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилдим», – дея изоҳ берган президент.

Қўмита раҳбарлигини энди унинг ўринбосарларидан бири – қўмитанинг 9-хизмати (Давлат қўриқлаш хизмати) бошлиғи Жумғалбек Шабданбеков эгаллайди. Унинг номзоди қўмита раиси лавозимига тайинлаш учун Қирғизистон Жогорку Кенешига келишиш учун киритилади.

Шунингдек, Хавфсизлик кенгаши котиби Рустам Мамасодиқов ҳам лавозимидан озод этилиб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари лавозимига ўтказилган.

Қамчибек Ташиевнинг тарихи

Қамчибек Ташиев 1968 йил Жалолобод вилояти Сузоқ туманида туғилган.

1992 йилда Том политехника университетини тамомлаган (мутахассислиги – муҳандис-химик технолог), 1998 йилда эса Қирғизистон давлат миллий университетининг ҳуқуқшунослик факултетини битирган.

1990-йилларда у «Таймурас» спорт клубига эгалик қилган, шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланган. 2000-йиллар бошида сиёсатга кириб келиб, 2002-2003 йилларда бош вазир аппарати бошлиғи ўринбосари бўлган, 2003-2005 йилларда Бишкек шаҳри Ленин тумани раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган.