Ўзбекистон | 13:57 / 11.02.2026
1202
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон–Россия ҳамкорлигида ядро тиббиёти бўйича стратегия тайёрланади

10 феврал куни «Ўзатом» агентлигида Ўзбекистонда ядро тиббиётини ривожлантириш истиқболларига бағишланган ишчи йиғилиш ўтказилди. Учрашув якунларига кўра, томонлар ядро тиббиёти инфратузилмасини яратиш ва соҳани ривожлантириш бўйича йўл харитаси ҳамда стратегияни биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олди.

Фото: Ўзатом

10 феврал куни «Ўзатом» агентлигида Ўзбекистонда ядро тиббиётини ривожлантириш истиқболларига бағишланган ишчи йиғилиш бўлиб ўтди. Учрашув Ўзбекистон ва Россия ўртасида ушбу стратегик муҳим йўналишдаги фаол ҳамкорлик доирасида ташкил этилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти, «Радиопрепарат» давлат корхонаси, мамлакатнинг етакчи тиббиёт марказлари раҳбарияти ва вакиллари, шунингдек, «Росатом қурилиш технологиялари» дивизиони экспертлари иштирок этди.

Учрашувда Россия томони ядро тиббиётининг замонавий инфратузилмасини яратиш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашди. Жумладан, циклотрон комплекслари, радиофармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда ПEТ/КТ диагностика марказларини йўлга қўйиш бўйича амалий ёндашувлар ва халқаро амалиётдаги “тайёр ҳолда топшириладиган” лойиҳалар мисол қилиб келтирилди.

Йиғилиш якунида томонлар Ўзбекистонда ядро тиббиётини ривожлантириш бўйича йўл харитаси ва стратегияни ҳамкорликда ишлаб чиқишга келишиб олди. Қайд этилишича, ушбу ҳужжатлар технологиялар трансфери, мутахассислар тайёрлаш ва соғлиқни сақлаш сифатига хизмат қилади.

Лойиҳа ядро технологияларига асосланган эрта ташхис қўйиш ва замонавий даволаш усулларини кенг жорий этиш орқали онкологик касалликларнинг оғир оқибатларини камайтириш, юқори технологияли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган.

Шу билан бирга, Тошкентда Ядро тиббиёти маркази лойиҳаси доирасида 2026 йилда ПEТ/КТ, циклотрон, радиофармлаборатория, гамма-пичоқ ва кибер-пичоқ каби ускуналар билан жиҳозлаш кўзда тутилаётгани ҳам таъкидланди. «Ўзатом» агентлиги илғор технологияларни жорий этиш ҳамда онкологик касалликларни замонавий ташхислаш ва даволаш имкониятларини ошириш бўйича ишлар давом эттирилишини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид