Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия Славянскка авиабомбалар ташлади: она ва бола ҳалок бўлди
Россиянинг Славянскка авиабомбалар билан берган зарбаси натижасида бир аёл ва унинг боласи ҳалок бўлди. Яна 16 киши яраланди.
10 феврал, сешанба куни Славянскка қилинган Россия зарбалари қурбони икки киши — аёл ва унинг 11 ёшли қизи бўлди. Бу ҳақда Донецк вилояти прокуратураси хабарида айтилган.
Идора маълумотига кўра, ушбу ҳужумда яраланганлар сони 16 нафарга етган. Қайд этилишича, РФ Қуролли кучлари Славянскка UMPK (режалаштириш ва коррекция қилишнинг унификацияланган модули) ўрнатилган “ФАБ-250” туридаги олтита бомба билан зарба берган. Бу — қанотчалар ва сунъий йўлдош орқали йўналтиришга эга бўлган уланма аэродинамик жиҳоз бўлиб, у оддий фугас авиабомбаларни (ФАБ) бошқариладиган планерловчи авиабомбаларга (КАБ) айлантиради.
Донецк вилояти полицияси маълум қилишича, ҳалок бўлган аёл ва унинг 11 ёшли қизи жасадлари вайроналар остида топилиб, чиқариб олинган. Яраланганлар орасида камида бир нафар бола ҳам бор — 7 ёшли қизча. “Хусусий уйлар, техник хизмат кўрсатиш станцияси, қозонхона, шунингдек нотурар жой бинолари шикастланди”, — дейилади хабарда.
Бундан олдин Донецк вилояти давлат маъмурияти раҳбари Вадим Филашкин яраланганлар орасида 1980 йилда туғилган ва оғир аҳволда бўлган эркак борлигини билдирган. “Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 14 та хусусий уй, иккита кўп қаватли уй, маъмурий бино, омборлар ва ангарлар, инфратузилма объекти, дўкон, ёнилғи қуйиш шохобчаси ва 28 та автомобил шикастланган”, — деб ёзган мансабдор.
Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълумотига кўра, 10 февралга ўтар кечаси Россия Украинага 125 та дрон билан ҳужум қилган, уларнинг тахминан 80 таси Shahed туридаги дронлар. Дронлар қуйидаги йўналишлардан учирилгани айтилади: Курск, Орёл, Брянск, Приморско-Ахтарск, Шаталово, Миллерово (РФ ҳудуди).
Маълумотномага кўра, Украина ҲҲМ кучлари мамлакатнинг шимоли, жануби ва шарқида 110 та дронни уриб туширган ёки нейтраллаштирган. Шу билан бирга, Ҳаво кучлари ҳисоботида 13 та ҳужумкор дрон 6 та жойда нишонга теккани, шунингдек 2 та жойда парчалар тушгани қайд этилган.
Россия зарбалари натижасида Запорижжяда тўрт киши яраланган, улар орасида икки нафар бола бор. Одесса вилоятида ДТЭК’нинг энергетика объекти шикастланган, учта жамоат электр таъминотисиз қолган.
Мавзуга оид
16:23
Арманистон ҳукумати геосиёсий курсини ўзгартириш учун халқдан мандат олди — сиёсатшунослар
14:20
Россиядан кетган фуқароларнинг мол-мулки хатланиши мумкин
18:53 / 10.06.2026
Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга транзитини оширишга тайёрлигини маълум қилди
08:45 / 09.06.2026