Ўзбекистон | 13:34 / 13.02.2026
2797
2 дақиқада ўқилади

Оҳангаронда микропроцессор, SIM ва тўлов карталари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Президент Шавкат Мирзиёев Оҳангарон туманида Vades Group компанияси томонидан амалга оширилаётган юқори технологияли лойиҳа билан танишди. Корхонада идентификация учун микропроцессор модуллари, сим-карталар ҳамда транспорт, ижтимоий ва халқаро тўлов карталарини ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Оҳангарон туманида Vades Group компанияси томонидан юқори технологияли ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унга кўра, корхонада идентификация учун мўлжалланган микропроцессор модуллари ва SIM-карталар, шунингдек, транспорт, ижтимоий ҳамда халқаро тўлов карталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Лойиҳа Ўзбекистон президентининг 2025 йил 22 январда қабул қилинган “Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Корхона рақамли давлат хизматларини жорий этиш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз тўлов тизимларини шакллантиришда зарур бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаради.

Корхона Германиянинг Infineon technologies компанияси билан ҳамкорликда Eltech Industrial технопарки ҳудудида ташкил этилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллион долларни ташкил этади. Айни пайтда қурилиш ишларининг иккинчи босқичи 15 фоизга бажарилиб, 7 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган.

4 гектар майдонда жойлашган мажмуа тўлиқ ишга тушгач, 100 га яқин янги иш ўрни яратилиши ва 6 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши режалаштирилган.

Маълум қилинишича, 2025 йилда мамлакатга 35 миллион долларлик микропроцессор модуллари, SIM-карталар ва турли тўлов карталари импорт қилинган. Корхона тўлиқ ишга туширилгандан сўнг 5 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши, бозордаги таннарх эса 3–5 фоизга пасайиши кутилмоқда.

Корхона маҳсулотларини Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мозамбик, Камбоджа каби қатор давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган. Ташриф давомида давлат раҳбари ишлаб чиқариш жараёнлари ва яратилаётган шарт-шароитлар билан танишиб, инновацион ёндашувларни жорий этиш, маҳаллий кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда экспортни кенгайтириш бўйича топшириқ ва тавсиялар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид