Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ сенатори Грэм Трампни Украинага “Томагавк”ни беришга чақирди
Tomahawk қанотли ракеталари ҳарбий кучлар нисбатини ўзгартириш учун Украинага зарур, деди республикачилар партиясидан Линдси Грэм.
Фото: REUTERS
АҚШнинг республикачи сенатори Линдси Грэм АҚШ маъмуриятини Украинага Tomahawk туридаги, учиш масофаси 2500 километргача бўлган қанотли ракеталарни — Россиянинг ҳарбий объектларига зарбалар бериш учун топширишга чақирди.
“Мен Украинага ‘Томагавк’ етказиб берилишини истайман. АҚШ ‘Томагавк’ни (Россия президенти — таҳр.) Путин дронлар ва бошқа нарсаларни яратишда таянаётган инфратузилмани йўқ қилиш учун етказиб беришини хоҳлайман. Мен ҳарбий кучлар нисбатини ўзгартиришни истайман”, — деди Грэм жума куни, 13 февралда Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида журналистларга.
У, шунингдек, Москвани мазмунли тинчлик музокараларига ундаш учун унга босимни кучайтиришга чақирди. Январ ойида Линдси Грэм АҚШ президенти Доналд Трамп Россиянинг нефт, газ, уран ва бошқа хомашёсини сотиб олаётган давлатларга нисбатан 500 фоизгача бож жорий этиш имконини берадиган икки партияли қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлагани (“яшил чироқ” ёққани) ҳақида билдирган. Бу, хусусан, Хитой, Ҳиндистон ва Бразилияга ҳам тааллуқли бўлиши мумкин.
Украинага Tomahawk ракеталарини бериш масаласи АҚШда 2025 йил кузида муҳокама қилина бошлаган. Октябр охирида Пентагон, CNN телеканали хабар қилганидек, бундай етказиб беришларни маъқуллаган, аммо якуний қарор Трамп ихтиёрида қолмоқда. CNN манбаларига кўра, АҚШ президенти бу чорани Россияга нисбатан босим дастаги сифатида кўриб чиқмоқда.
Ўтган йил ноябр ойида Украинанинг Вашингтондаги элчиси Олга Стефанишина Bloomberg TV телеканалига берган интервюсида мамлакати Tomahawk ракеталарини сотиб олиш бўйича “ижобий” музокаралар олиб бораётганини айтган. Бунгача эса Трамп бу ракеталарни Киевга юборишни истисно қилган эди.
Стефанишина сўзларига кўра, гап фақат Tomahawk ҳақида эмас, балки “турли бошқа ракеталар — узоқ ва қисқа масофали” ракета турлари ҳақида ҳам кетмоқда. “Мен фақат шуни айта оламанки, музокаралар етарлича ижобий кетмоқда”, — деди у.
Мавзуга оид
10:47
Трамп: Зеленский “ҳаракат қилишни бошламаса”, тинчлик имкониятини бой беради
09:22
FT: Рубио Украина бўйича европаликлар билан учрашувни бекор қилди
19:34 / 13.02.2026
“АҚШ билан ўртамизда катта жарлик пайдо бўлди” – Фридрих Мерц. Мюнхен хавфсизлик форумидан репортаж
19:09 / 13.02.2026