Қирғизистон ҳукуматида кадрлар алмашинуви давом этмоқда. 16 феврал куни уч нафар вазир лавозимидан озод этилди.
Хусусан, Абсаттар Сирғабоев транспорт ва коммуникациялар вазири лавозимидан озод этилган. Маҳаллий манбаларга кўра, у Қамчибек Ташиевнинг шогирдларидан бўлган.

Энди унинг ўрнига Талантбек Солтобоев вазирлик раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Бообек Ажикеев фавқулодда вазиятлар вазири лавозимини тарк этган. У Ташиевнинг дўсти экани айтилмоқда.

Унинг ўрнига Урматбек Шамирканов Қирғизистон ФВВ раҳбарлигига тайинланган.
Медер Машиев эса табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири лавозимидан озод этилган. У ҳам Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раҳбарининг одами бўлган.

Унинг ўрнини Оқил Токтобоев эгаллади.
Ўзгаришлар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тузилмасида ҳам давом этмоқда. Жумладан, Элдар Жакипбеков
қўмитанинг Бишкек шаҳри бўйича бош бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнида Улан Бийбосунов иш бошлаган.

Жакипбеков айни вақтда қўлга олинган ва тергов изоляторига жойлаштирилган.
Шунингдек, қўмитанинг Ўш шаҳри ва Ўш области бўйича бош бошқармаси бошлиғи Салмоорбек Жумабеков ҳам ишдан кетган.

Ижтимоий тармоқларда Ташиевнинг укаси, Жогорку Кенеш депутати Шоирбек Ташиев ҳам қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалган.















