Жаҳон | 09:09
1146
2 дақиқада ўқилади

Псков вилоятига дронлар ҳужум қилди: нефт базасида ёнғин

Псков вилояти губернатори Михаил Ведерников учувчисиз учиш аппарати ҳужуми оқибатида Великие Лукидаги нефт базасида нефт маҳсулотлари сақланадиган резервуарлардан бири ёнаётганини билдирди. Telegram’даги ASTRA канали маълумотига кўра, дронлар ҳимоя тўрини тешиб ўтган.

Фото: Telegram / astrapress

Псков вилояти ва Великие Луки шаҳридаги фуқаролик инфратузилмаси объектларига дронлар ҳужум қилди. Бу ҳақда пайшанба, 19 февралга ўтар кечаси MAX тармоғида вилоят губернатори Михаил Ведерников хабар қилди.

Унинг маълум қилишича, Великие Луки нефт базасида дрон ҳужуми сабаб нефт маҳсулотлари сақланган резервуарлардан бири ёнган. Ҳодиса жойида фавқулодда хизматлар иш олиб бормоқда.

Маҳаллий аҳолидан ойна-деразага яқинлашмаслик ёки агар ҳужум пайтида кўчада бўлган бўлса, яқин атрофдаги бинодан бошпана топиш сўралди.

Telegram’даги ASTRA канали маълумотига кўра, яқин атрофдаги корхоналар ходимлари эвакуация қилинган. Канал аниқлаштиришича, нефт базасида резервуарлар устига ҳимоя тўри ўрнатилган бўлган. Аммо гувоҳлар изоҳларидан келиб чиқса, бир неча дрон уни тешиб ўтган, шундан сўнг катта ёнғин келиб чиққан, деб ёзади ASTRA.

ASTRA маълумотича, нефт базасида кейинчалик АЁҚШ тармоғига, корхоналар ва транспорт компанияларига тақсимлаш учун нефт маҳсулотлари — дизел ёнилғиси, бензин ва бошқа турдаги хомашё сақланган.

Росавиация вакили билдиришича, Псков аэропорти самолётларни қабул қилмаган ва жўнатмаган.

Аввалроқ, 10 январга ўтар кечаси Волгоград вилоятидаги нефт базасида дрон парчалари тушиши натижасида ёнғин чиққан эди. Дронлар ҳужумлари фонида Волгоград, Геленжик, Краснодар ва Чебоксари аэропортларида рейсларни қабул қилиш ва чиқаришга чекловлар жорий этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид