Жамият | 15:09
768
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда гиёҳвандлик моддаси билан ушланганлар 15 йилга қамалди

2025 йил август ойида Узун туманида ўтказилган тезкор тадбирда Тожикистондан 20 кг 374 гр “опий” ва 41 кг 668 гр “гашиш” олиб кирганликда гумонланган 5 нафар шахс қўлга олинди. Суд ҳукми билан уларнинг ҳар бири 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Фото: ДХХ

Гиёҳвандлик воситалари контрабандаси ва савдосига қарши курашиш доирасида 2025 йилнинг август ойида ДХХ Чегара қўшинлари, ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Узун туманида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида 2005 ва 2006 йилларда туғилган 2 нафар маҳаллий фуқаро давлат чегарасини бузган ҳолда Тожикистон Республикасидан 20 кг 374 гр “опий” ва 41 кг 668 гр “гашиш” моддаларини олиб келган вақтида ушланди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериклари — Узун туманида яшовчи, 2000 ва 2004 йилларда туғилган 2 нафар шахс ҳамда “ажал оғуси”нинг буюртмачиси ҳисобланган Денов шаҳрида истиқомат қилувчи, 2000 йилда туғилган фуқаро ҳам процессуал тартибда қўлга олинди.

Ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди. Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди ҳукмига асосан, қонунбузарлар Жиноят кодексининг 223-, 246-, 273-моддалари билан айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар яна бир бор эслатади: жиноятга жазо муқаррар. Ҳеч бир сабаб бундай жиноятни содир этишни оқламайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид