Жаҳон | 13:36
1048
2 дақиқада ўқилади

Киевда РФ денгиз пиёда аскари асирларни отиб ўлдиргани учун умрбод қамоққа ҳукм қилинди

Киев суди Россия ҳарбий хизматчиси Владимир Ивановни икки нафар украин ҳарбий асирини ўлдиргани учун умрбод озодликдан маҳрум қилди. Гувоҳлар уни командир буйруғи билан ҳаракат қилганини айтган. Ивановнинг ўзи эса қилган ишидан пушаймон эканини билдирган.

Фото: Hanna Sokolova-Stekh/DW

Киев шаҳридаги суд Россиянинг денгиз пиёда қўшинлари ҳарбий хизматчиси Владимир Ивановни икки нафар ҳарбий асирни ўлдирганликда айбдор деб топиб, уни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Шундай жазо тайинлашни айблов томони талаб қилганини Украина бош прокурори Руслан Кравченко 20 феврал куни Telegram’да билдирди.

Суд аниқлашига кўра, 2025 йил январ ойида Курск вилоятидаги жанглар вақтида Иванов ва бошқа Россия ҳарбийлари пистирма уюштирган. Икки нафар Украина ҳарбий хизматчиси қуролини ташлаб, қўлларини кўтариб таслим бўлмоқчи бўлган, аммо Иванов уларга ўқ узган. Суд мажлисларида гувоҳлар — Ивановнинг хизматдошлари у командир буйруғига кўра ҳаракат қилганини айтган. Кравченко ёзишича, суд “ҳеч қандай ҳарбий зарурат бўлмаган, маҳкум буйруқнинг жиноий эканини англаган ва уни бажармасликка ҳақли бўлган” деган хулосага келган.

Владимир Ивановнинг қилмиши “халқаро гуманитар ҳуқуқ ҳимоясидаги шахслар ҳалок бўлишига олиб келган, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган уруш қонунлари ва одатларини бузиш” моддаси бўйича малакаланган. Суд фуқаровий даъвони ҳам қисман қаноатлантирган: “Суспільне”нинг ёзишича, Иванов ҳалок бўлганлардан бирининг собиқ хотинига 50 млн гривна (қарийб 982 минг евро) миқдорида товон тўлаши керак. Айбланувчининг ўзи эса қилган жиноятидан пушаймон эканини билдирган.

2025 йил ноябрда Запорижжя суди 26 ёшли РФ ҳарбий хизматчиси Дмитрий Курашовни 2024 йил январда Запорижжя вилоятидаги ҳужум пайтида украин ҳарбий асирини ўлдирганликда айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган.

2026 йил январда Харкив суди 37 ёшли Сергей Тужиловга нисбатан ҳам шундай ҳукм чиқарган: у 2024 йил ёзида Волчанскдаги агрегат заводида украин ҳарбий асирини ўлдирганликда айбдор деб топилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид