Жаҳон | 16:07 / 22.02.2026
1778
3 дақиқада ўқилади

Австрияда кўчки туфайли камида беш киши ҳалок бўлди

Жума куни Алп тоғларида кучли қор ёғиши қор кўчкиларини келтириб чиқарди, бунинг оқибатида Австрия ҳудудида беш киши ҳалок бўлган.

Фото: Reuters

Полиция маълумотларига кўра, қурбонлар орасида Германиянинг 42 ёшли фуқароси ҳам бор. У 16 ёшли ўғли билан биргалигида қор кўчкисига учраган. Ўсмир табиий офсатдан омон қолган, у Италия ва Швейцария билан чегара яқинидаги Наудерс обшчинаси ҳудудидаги қияликдан эвакуация қилинган ва касалхонага ётқизилган.

Шунингдек, машҳур Санкт-Антон тоғ-чанғи курорти яқинида уч чанғичи, унга қўшни бўлган Форарлберг федерал ерида эса бир сноубордчи қор кўчкиси остида қолиб ҳалок бўлган.

Бу йилги қишда Австрияда қор кўчкилари билан боғлиқ сабабларга кўра камида 21 киши ҳалок бўлган. Шу билан бирга, Алп тоғларининг бошқа қисмларидаги ҳолатлар қўшиб ҳисобланганда ўнлаб кишилар вафот этган ва бу рақам одатдагидан юқори.

Тиролнинг баъзи қисмларида қор кўчиши хавфи юқорилигича қолмоқда. Жума куни ушбу минтақада иккита қор кўчкиси одамлар ўлимига сабаб бўлди – икки ҳолат ҳам трассалардан ташқарида содир бўлган.

Австрия оммавий ахборот воситалари полицияга асосланиб хабар беришича, Санкт-Антон-ам-Арлберг яқинида уч кишининг ўлимига сабаб бўлган кўчкига чанғичиларнинг ўзлари сабабчи бўлган. Австриянинг ORF миллий телерадиокомпанияси маълумотларига кўра, чанғичилар АҚШ, Полша ва Австрия фуқаролари бўлган.

Ушбу ҳолатда оғир яраланган яна икки киши қутқариб қолинган. Амалиётда тўртта қутқарувчилар гуруҳи, учта вертолёт ҳамда фавқулодда хизматлар иштирок этган.

Австрия шимолидаги Линц шаҳрида қор бўронлари билан боғлиқ яна бир ўлим ҳолати қайд этилган: 53 ёшли эркакни қор тозаловчи машина босиб қолган, у воқеа жойида вафот этган.

Минтақада кучли қор ёғиши жума куни электр таъминотида узилишлар ва транспорт коллапсига олиб келди, айниқса мамлакат жануби-шарқида вазият жиддий тус олган.

Штирия федерал ерида йўлларда ҳаракатланиш «оддий транспорт воситалари учун амалда имконсиз» бўлиб қолган. Тирбандликда қолиб кетганларга Қизил хоч ташкилоти ходимлари ёрдам кўрсатмоқда.

Вена халқаро аэропорти тонгда вақтинча ёпилган, кундузи эса узилишлар билан ишламоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид