Ўзбекистон | 10:06 / 23.02.2026
859
3 дақиқада ўқилади

E-ekspertiza орқали суд экспертизаси бўйича ҳужжат алмашинуви йўлга қўйилади

2026 йил 20 февралдаги 74-сон ҳукумат қарори билан суд экспертизасини ўтказишда электрон ахборот тизимлари орқали ҳужжатлар алмашинувини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Фото: Jizzax MTRK

Ҳукумат қарори (74-сон, 20.02.2026 й.) билан Суд экспертизасини ўтказишда электрон ахборот тизимлари орқали ҳужжатлар алмашинувини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низомда қуйидагилар назарда тутилган:

— электрон ахборот тизимлари орқали ҳужжатлар алмашинувини ташкил этиш;
— суд экспертизасини тайинлаш ва иш материалларини юбориш;
— электрон ахборот тизимлари орқали сўровларни қабул қилиш ва тадқиқотларни ўтказиш;
— электрон ахборот тизимлари орқали ҳужжатлар айланиши тартиби ва муддатлари;
— экспертиза тадқиқотлари якунига кўра хулоса тайёрлаш ва уни электрон ахборот тизимлари орқали юбориш тартиби.

Маълумот учун, президентнинг 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ–270-сон қарорига асосан E-ekspertiza платформасини экспертиза тайинловчи органларнинг ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграция қилиш орқали экспертиза тайинловчи органлар ва суд-экспертиза ташкилотлари ўртасида ўзаро электрон ахборот алмашинувини йўлга қўйиш қайд этилган.

Низомга кўра, экспертиза тайинловчи органлар ва суд-экспертиза ташкилотлари экспертизани тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим) ва иш материаллари E-ekspertiza платформаси орқали юборилмаган тақдирда, бундай қарор (ажрим) асосида суд-экспертиза ташкилотлари томонидан экспертиза ўтказилишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, низомга асосан электрон ахборот тизимлари орқали келиб тушган ҳужжатларни экспертиза тайинловчи органга қайтариш асослари белгиланди.

Бундан ташқари, E-ekspertiza платформасида шартнома асосида тўлов амалга оширилиши лозим бўлган иш материаллари юзасидан электрон тўлов қилиш имкониятлари яратилади.

Шу билан бирга, экспертиза тайинловчи орган (шахс) ўзи томонидан тайинлаган экспертизанинг ижро ҳолатини ахборот тизимлари орқали онлайн кузатиб боради.

Мазкур ҳукумат қарори билан Ўзбекистон ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилди.

Қарор суд экспертизаларини ўтказишга сарфланадиган вақтни кескин қисқартиришга, суд экспертиза хулосаларини расмийлаштиришда ортиқча қоғозбозлик, почта харажатлари ва бюрократик ҳолатларга барҳам беришга, суд экспертиза соҳасида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид