Иқтисодиёт | 08:50 / 23.02.2026
2345
1 дақиқада ўқилади

Полша билан чегарадан ўтишни енгиллаштириш юзасидан мулоқот бошланди

Полшадаги элчихона дипломатлари Мазовия воеводалиги маршали (ҳоким) Адам Струзик билан учрашиб, Ўзбекистон–Полша ҳудудлари ўртасида логистика ҳамкорлигини кенгайтириш ва бизнес тадбирларини биргаликда ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.

Суҳбатда ўзаро ҳамкорлик асосида Ўзбекистон ва Полша ҳудудларида ташкил этилаётган логистика марказларини ишга тушириш механизмларини ишлаб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, истисно тариқасида фақат Ўзбекистон юк ташувчилари учун чегара ўтиш пунктларида алоҳида коридор ташкил этиш масаласини Полша инфратузилма вазирлиги томонидан кўриб чиқилишида кўмаклашиш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув давомида 23–26 феврал кунлари Полша саноат арматураси уюшмаси (SPAP) президенти бошчилигидаги миссия доирасида бизнес-форум ўтказиш, март ойида эса Полша Миллий иқтисодиёт банки ҳамкорлигида энергетика форумини ташкил этиш юзасидан ҳам келишувлар бўлиб ўтди.

Томонлар, шунингдек, икки томонлама бизнес-миссия, кўргазма ҳамда маданият кунларини ташкил этиш масалалари бўйича фикр алмашди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид