АҚШ Миллий об-ҳаво хизмати маълумотига кўра, Род-Айленд ва Массачусетс штатларининг айрим ҳудудларида қарийб 94 см қор ёғди. Ню Йорк шаҳридаги Марказий паркда эса 48 сантиметрдан ортиқ қор қайд этилди. BBCʼнинг ёзишича, об-ҳаво бўйича огоҳлантиришлар Шимолий Каролинадан Мейн штати шимолигача чўзилди. Айримлари эса Канаданинг шарқий қисмигача етиб борди.

АҚШ шарқий соҳилида 600 мингдан ортиқ мулк электр таъминотисиз қолди. Американинг машҳур «Boston Globe» газетаси эса бўрон сабаб 153 йиллик тарихида илк бор чоп этилмаслигини маълум қилди. Газетанинг билдиришича, «табиат шароитлари, техник муаммолар ва глобал пандемияни енгиб ўтганига қарамай» қор бўрони сешанба эрталабки сонни чоп этиш ва етказишни «имконсиз» қилган.

Нашрнинг ёзишича, ҳудуд бўйлаб ҳаракат кескин чеклаб қўйилган, айрим штатлар ва шаҳарларда бўроннинг энг оғир даврида сафар тақиқлари жорий этилди.

АҚШ шарқий соҳилларига урилган бўрон / Фото: NOAA

Миллий об-ҳаво хизмати «nor'easter» деб аталувчи бўрон сешанба куни АҚШдан узоқлашиб, Канаданинг шарқий қирғоқ ҳудудлари бўйлаб ҳаракатланишини прогноз қилмоқда. Бироқ кучли шамоллар сақланиб қолади. Шу билан бирга, шимоли-шарқий қирғоқ яқинида қор қоплами 30–61 смга етиши кутилган.

АҚШнинг энг кичик штати — Род-Айленд бўрон давомида энг кўп қор ёғган ҳудуд ҳисобланмоқда. Штат пойтахти Провиденсда 91 см қор ёғиб, 1978 йил февралида ўрнатилган 72,6 смлик рекордни ортда қолдирди. Маҳаллий ОАВга кўра, бу штат тарихидаги энг кучли қор бўронига айланди.

Ноқулай об-ҳаво туфайли — Род-Айленд, унга қўшни Коннектикут ва Массачусетс штатларида зарур бўлмаган сафарларга тақиқ жорий этилди. Массачусетсда қарийб 300 минг киши электрсиз қолган.

Ню Йорк шаҳрида эса душанба кунги сафар тақиқи саккиз миллиондан ортиқ аҳолига эга шаҳар ҳаётини деярли тўхтатиб қўйди. Лекин бу тақиқ маҳаллий вақт билан тушликдан сўнг бекор қилинди. Шунга қарамай, барча йўллар, магистраллар ва кўприклар ёпилган эди.