Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2025 — урушдаги энг қонли йил: BBC ва “Медиазона” ҳисоботи
Украинада Россиянинг тасдиқланган йўқотишлари 200 минг кишидан ошиб кетди. BBC Рус хизмати ва “Медиазона” кўнгиллилар жамоаси билан бирга Россиянинг Украинага қуролли бостириб кирганининг 4 йиллигига келиб, урушда ҳалок бўлган 200 186 нафар россиялик ҳарбийнинг исм-шарифини аниқлаган. Бу ҳақда ҳар икки манба сешанба куни, 24 февралда хабар қилди.
Фото: REUTERS
Охирги бир ойда маълумотлар базасининг кескин ошиши — 35 мингта янги ёзув — журналистлар фикрича, фронтдаги вазият билан эмас, методология бўйича қилинган ишлар билан боғлиқ. BBC тушунтиришича: “Ўтган ой давомида биз бир неча йил мобайнида йиғилган маълумотларни давлатнинг очиқ базаларидаги маълумотлар билан, энг аввало мерос ишлари реестри рўйхатлари билан таққослаб чиқишга муваффақ бўлдик”.
Журналистлар баҳосига кўра, Россия армияси учун 2025 йил юқори эҳтимол билан уруш давомидаги энг қонли йил бўлган. Ўтган йили ҳалок бўлган 49 935 нафар ҳарбийнинг исми тасдиқланган, аммо қайта ишланмаган некрологларни ҳам ҳисобга олган ҳолда дастлабки баҳолар 90 минг кишидан ошиб кетади.
Ҳалок бўлганларнинг учдан икки қисми 100 мингдан кам аҳоли яшайдиган шаҳар-қишлоқларда истиқомат қилган — йирик шаҳарлар ва мегаполислар “урушдан деярли таъсир кўрмаган”. Йўқотишлар сони бўйича етакчи ҳудудлар: Бошқирдистон (7700), Татаристон (6800) ва Свердловск вилояти (6300).
Аҳоли сонига нисбатан (ҳар 100 минг кишига тўғри келадиган) йўқотишларда биринчи ўринни Тува (100 минг аҳолига 476 киши) эгаллайди, ундан кейин Бурятия (400), Байкалорти ўлкаси (362) ва Олтой Республикаси (316) келади. Бу ҳудудлар мамлакатдаги энг камбағал минтақалар қаторига киради. Тадқиқот муаллифлари хулоса қилади: “Қашшоқлик даражаси қанча юқори бўлса, одатда йўқотишлар кўрсаткичи ҳам шунча юқори бўлади.”
Таҳлилчилар барқарор қонуниятни қайд этади: урушга кўпроқ кичик шаҳарлар ва қишлоқлар аҳолиси боради — бу жойларда барқарор иш ўринлари танқис, маҳаллий ҳокимиятнинг тарғиботи эса қатъийроқ бўлади. Исмини ошкор қилмасликни сўраган демографнинг айтишича, йўқотиш улуши юқори бўлган ҳудудлар рўйхати кўп жиҳатдан умр давомийлиги паст бўлган ҳудудлар рўйхати билан мос келади.
Унинг баҳосига кўра, ҳозир шартнома имзолаётганларни фақат қашшоқлик эмас, балки келажак йўқдек туюлиши ҳам ҳаракатга келтирмоқда. “Бошқача айтганда, урушга ўзидан ўзи табиий бўлмаган ўлим эҳтимоли юқори бўлган ҳудудлар аҳолиси кўпроқ боряпти”, — дея эксперт сўзларини келтиради BBC.
Мавзуга оид
15:12
Украина: Россия 20 минг болани мажбуран кўчирган ёки депортация қилган
14:43
“Кўнгиллилар коалицияси” урушнинг 4 йиллигида Украинани қўллаб-қувватлади
14:23
Украинадаги урушнинг 4 йиллиги муносабати билан Тошкентда кўргазма очилди
13:07