Америка ва Британия разведкаси Россия Украинага бостириб киришини 2021 йилдаёқ олдиндан кўра олганди. Аммо Европадаги иттифоқчилар, шунингдек, Украина раҳбарияти уларнинг огоҳлантиришларини жиддий қабул қилмаган. The Guardian журналисти Шон Уокер турли мамлакатлардаги разведкачилар, амалдорлар ва дипломатлар билан ўтказилган юздан ортиқ интервюлар асосида воқеалар кетма-кетлигини тиклашга ҳаракат қилди. Қуйида унинг мақоласидан асосий жойлар келтирилади.

Ғарб таҳлилчилари тахминларига кўра, Владимир Путин босқин бўйича якуний қарорни 2020 йилда қабул қилган. Ўша йилги референдум орқали Конституцияга тузатишлар киритилган, бу эса Путинга 2024 йилдан кейин ҳам ҳокимиятда қолиш имконини берганди. Ковид пандемияси даврида Путин ўзини иҳоталайди: тор доирага мансуб одамларгина унинг олдига кира олган, унинг ўзи Россия тарихи ҳақида жуда кўп китоблар ўқиган, афтидан, мамлакат тарихида қандай ўринга эга бўлиши ҳақида ўйлаган.

Худди ўша 2020 йилда Беларусда Александр Лукашенкога қарши намойишлар шафқатсизлик билан бостирилади, Россияда эса мухолифат етакчиси Алексей Навалний заҳарланади. Ушбу тарқоқ воқеаларнинг барчаси Путинни ҳокимиятни бирлаштиришга ва буюк давлатчилик амбицияларини амалга оширишга ундайди.

2021 йил баҳорида Россия ҳарбий машғулотлар ўтказиш баҳонасида Украина чегаралари яқинида ва Қримда қўшин тўплашга киришади. Америка разведкаси Путин Федерал мажлисга 21 апрел кунги мурожаатномасидан босқинни оқлаш учун фойдаланмоқчи экани ҳақида маълумот олади. Россия Донбассдаги «халқ республикалари»ни расман аннексия қилмоқчилиги, шунингдек, Қримга қуруқлик орқали йўлак очишни кўзлагани тахмин қилинганди – бунинг учун Запорижжя ва Херсон областларининг бир қисмини ҳам қўшиб олиш керак бўларди.

Байден Путинга қўнғироқ қилиб, ўз хавотирини билдиради ҳамда олий даражада учрашув ўтказишни таклиф қилади. Машғулотлар якунланади, қўшинлар чегарадан олиб кетилади. Путин Федерал мажлисга мурожаатида уруш мавзуси тилга олинмайди. Путин ва Байден июнда Женевада учрашади. Путин Украина ҳақида деярли ҳеч нарса демайди. Шундан кейин Байден маъмурияти хавф ортда қолди, деб ҳисоблайди.

Аммо июлда Путин «Руслар ва украинларнинг тарихий бирлиги ҳақида» номли узун эссесини эълон қилди. Кўпчилик – шу жумладан Ғарб разведкаси ҳам – уни ниятлар декларацияси сифатида қабул қилди: Путин учун Украина у ёки бу тарзда Москванинг таъсир доирасига кириши принципиал аҳамиятга эгалиги кўриниб турарди.

2021 йил сентябрида, «Запад» номи остидаги ҳарбий машғулотлар баҳонасида, Россия яна Украина ва Беларус билан чегарасида ҳарбийлари сонини ошира бошлайди. АҚШ янги разведка маълумотларини олади: унда Путин бу сафар Украинани деярли тўлиқ эгаллаш, Киевга кириш ва у ерда қўғирчоқ режим ўрнатишни режалаштиргани кўрсатилганди. Бу вақтда Байден маъмуриятининг асосий эътибори Америка қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилиши оқибатлари билан банд эди: бу АҚШнинг нуфузига оғир зарба бўлганди.