Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2025 йилда ўтказилган ўрганишлар натижасида 666,6 млрд сўмлик 189 та давлат харидида қонунбузилишга йўл қўйилгани аниқланган.

Агентлик маълумотига кўра, ўтган йили давлат харидларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари сони 2024 йилга нисбатан 282 тага ёки 60 фоизга камайган бўлса-да, аниқланган қонунбузилишлар қиймати 167,9 млрд сўмга ёки 33,7 фоизга ортган.

189 та қонунбузилиш ҳолатидан 60 тасида (умумий қиймати 70 млрд сўм) давлат хариди бекор қилинган. 87 та харид (умумий қиймати 560,1 млрд сўм) бўйича эса қонунбузарликнинг олдини олиш чоралари белгиланган.

Қонунбузилиш ҳолатларининг 102 таси (54 фоиз) нохолис баҳолаш ёки рақобатни чеклаш, 32 таси (17 фоиз) афилланганлик, 36 таси (20 фоиз) манфаатлар тўқнашуви, 19 таси (9 фоиз) эса бошқа ҳолатлар билан боғлиқ.

Аниқланган ҳолатлар бўйича 14 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка, 12 нафар мансабдор интизомий жавобгарликка тортилган. 2 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилган.

“Коррупцияга дуч келсангиз, Агентлик колл-марказига 1253 орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз”, – дейилади идора хабарида.