Венгрия бош вазири Виктор Орбан мамлакатнинг энергетик инфратузилма объектларини қўриқлашни кучайтириш ҳақида топшириқ берди ва бунга сабаб сифатида гўё Украинанинг Венгрия энергетикасига ҳужум қилиш режалари мавжудлигини кўрсатди. Бу ҳақда сиёсатчи чоршанба, 25 феврал куни ўзи тузган Мудофаа кенгаши йиғилишидан сўнг маълум қилди.

“Мен Украинанинг Венгрия энергетика тизими ишини издан чиқариш учун янги ҳаракатлар тайёрлаётганини кўряпман. Шунинг учун мен муҳим энергетик инфратузилмани ҳимоя қилишни кучайтиришни топширдим”, — дейди бош вазир ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеомурожаатида. Орбан бу даъво учун ҳеч қандай далил келтирмаган.

Орбаннинг сўзларига кўра, бошқа чоралар қаторида Украина Карпаторти вилояти билан чегарадош бўлган Саболч-Сатмар-Берег маъмурий ҳудуди устида дронлар парвозига тақиқ жорий қилинади. Шунингдек, Венгрия энергетикасига “ҳужумларнинг олдини олиш” учун қўшимча миқдорда ҳарбийлар ва полициячилар жалб этилади — Орбан қўриқлаш қайси объектларда кучайтирилиши ва бу ишга қанча одам жалб қилиниши ҳақида аниқ айтмади.

Россиянинг Украинага қарши тўрт йилдан ортиқ давом этаётган тўлиқ кўламли босқини даврида Украина кучларининг Венгриядаги объектларга ҳужум қилгани ёки шундай диверсиялар тайёрлаётгани ҳақида хабарлар бўлмаган. 2025 йилда эса аксинча ҳолат кузатилган: Киев Будапештни Венгрия дронлари Украина ҳаво ҳудудини бузганликда айблаган.

Украина ҳарбийларига кўра, венгер дронлари Украина чегарага яқин ҳудудларидаги саноат салоҳиятини разведка қилган бўлиши мумкин, деб айтган ўшанда Украина президенти Володимир Зеленский. Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто эса бунга жавобан Зеленский “Венгрияга қарши” ва унга “даҳшатли тушлар кўриняпти”, деб ёзган, аммо кейинроқ Орбан Венгрия дронлари Украина ҳаво ҳудудига кириб қолгани фактини “эҳтимол” деб тан олган.

Шу билан бирга, Венгрия бош вазири мазкур воқеа учун узр сўрамади. Орбаннинг айтишича, Украина ғарбидаги венгер дронларига эмас, мамлакат шарқидаги Россия дронларига эътибор қаратиши керак. У яна Украинани “мустақил давлат эмас”, шунинг учун “суверен давлат каби ўзини тутиши керак эмас”, деб ҳам айтган.

Виктор Орбан Россиянинг Украинага қарши тўлиқ кўламли уруши бошланганидан кейин Европа Иттифоқининг Украинага ёрдам чораларини ва РФга қарши санкциялар пакетларини бир неча бор тўсиб келган. Шунингдек, Орбан Венгрия Украинанинг ЕИга аъзо бўлишини ҳеч қачон қўллаб-қувватламаслигини айтади — Зеленский эса бунга қатъий туриб олган.