Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Эронга зарба беришда Anthropic нейротармоғидан фойдаланди – ОАВ
Аввалроқ Трамп барча ҳукумат идораларига Anthropic технологияларидан фойдаланишни тақиқлаганди.
Фото: REUTERS
АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга кенг кўламли авиазарбалар беришда Anthropic компанияси ишлаб чиққан сунъий интеллектдан фойдаланди, деб хабар қилди The Wall Street Journal.
WSJ манбаларининг сўзларига кўра, бутун дунёдаги қўмондонликлар, хусусан, АҚШнинг Яқин Шарқдаги марказий Anthropic компаниясининг Claude AI нейротармоғидан фойдаланган. Centcom бу хабарни изоҳлашдан бош тортди.
Claude — махфий ҳарбий операция доирасида қўлланилган биринчи нейротармоқдир: Пентагон ундан Венесуэла президенти Николас Мадурони олиб қочишда фойдаланганди.
Аввалроқ Трамп барча ҳукумат идораларига Anthropic технологияларидан фойдаланишни тақиқлаганди. Унинг фикрича, бу «радикал сўл компания» Пентагонга буйруқ берган ва фаолиятини қандай олиб бориши кераклиги борасида йўл-йўриқ кўрсатган. АҚШ президентининг сўзларига кўра, компания Пентагонга босим ўтказишга ва ўз шартларига кўнишга мажбур қилишга уринган.
Трамп ва Anthropic ўртасидаги низога сунъий интеллектдан ҳарбий мақсадларда қандай фойдаланиш мумкинлиги тўғрисидаги қарашлар сабаб бўлган. Компания кескин ахлоқий чекловларга риоя қилиш, масалан, ундан америкаликларни оммавий равишда кузатиш ёки автоном ўлим қуроли тизимларида фойдаланмасликни талаб қилмоқда.
Пентагон эса бутунлай бошқа фикрда ва ҳарбий вазифаларни бажаришда ҳар қандай воситадан фойдаланишга ҳаққи борлигини даъво қилмоқда. Мудофаа вазири ўринбосари Эмил Майкл Anthropic раҳбарини армияни шахсан назорат қилишга уринишда айблаган.