Исроил зарбаси Эрон жанубидаги Ҳурмузгон вилоятига қарашли Минаб шаҳридаги қизлар бошланғич мактабига келиб тушди. Al Jazeera нашрининг ёзишича, ҳужум оқибатида камида 53 киши ҳалок бўлган.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ҳужум жойи суратини эълон қилиб, зарба қизлар мактабини вайрон қилгани ва «беайб болалар» ҳалок бўлганини айтди.
«Эрон халқига қарши бу жиноятлар жавобсиз қолмайди», деб ёзди Ароқчи.
Эрон давлат ахборот агентлиги вайроналарни тозалаш ишлари давом этаётганини хабар берди. Шанба кунги ҳужумда яна 63 киши яраланган. Зарба мамлакат бўйлаб амалга оширилаётган АҚШ–Исроил қўшма ҳарбий амалиётлар тўлқинининг бир қисми бўлиб, минтақада зўравонлик авж олишига сабаб бўлмоқда.
Алоҳида ҳолда, Теҳрон шарқидаги мактабга берилган Исроил зарбаси натижасида камида икки нафар ўқувчи ҳалок бўлганини хабар қилинди.
Теҳрондан хабар бераётган Al Jazeera мухбири Муҳаммад Валнинг айтишича, бу ҳужумлар АҚШ ва Исроилнинг «фақат ҳарбий нишонларни нишонга оляпмиз, режимни жазолаймиз, халқни эмас» деган баёнотларини шубҳа остига қўяди.
Эрон Қизил Яримой жамияти матбуот котиби Можтаба Халедийнинг маълум қилишича, АҚШ ва Исроил зарбалари Эроннинг 31 вилоятидан 20 тасига таъсир кўрсатган.
«Қизил Яримойнинг барча ёрдам базалари, тез ёрдам жамоалари, вайроналарни тозалаш гуруҳлари, қидирув-қутқарув бўлинмалари ва тиббий хизматлари тўлиқ шай ҳолатда,» деди у. «Одамлар зарба жойларидан камида 100 метр узоқликни сақлаши ва у ерларга тўпланмаслиги керак».

Сурия ва БААда ҳам қурбонлар бор














