Тошкентда ФВВ ходимига пора берган тадбиркор қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, тадбиркор ўзи раҳбарлик қиладиган МЧЖ томонидан Яккасарой туманида қурилган кўп қаватли уйни пора бериш орқали фойдаланишга қабул қилдиришга уринган. У “Nazorat.MS.UZ” электрон портали орқали юборадиган аризасини ижобий ҳал қилиб бериши эвазига Тошкент шаҳар ФВБ ходимига 30 минг АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилган.

Аслида 12 қаватдан иборат мазкур “дом”нинг бир қатор камчиликлари бартараф этилмаган бўлган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда МЧЖ раҳбари 30 минг долларни ФВБ ходимига берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан тадбиркорга Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.