28 феврал тонгида, маҳаллий вақт билан соат 8 ва 10 оралиғида АҚШ ва Исроил Эрон жанубида, стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳўрмуз бўғозидан 30–40 километр масофада жойлашган Миноб шаҳрига ракета зарбаси йўллади. Ракета қизлар учун ихтисослашган «Шажара Тоййиба» (Shajareh Tayyebeh) мактабига келиб урилган, бу вақтда мактабда дарслар бошланганди.
Эрон давлат нашрларининг дастлабки хабарларида зарба вақтида мактаб ҳудудида бўлган 40 киши ҳалок бўлгани айтилди. Қурбонларнинг аксари ўқувчилар эди, шунингдек, мактаб ходимлари ҳамда ота-оналар ҳам ҳалок бўлган, деган Миноб округи прокурори.
Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига алоқадор саналган Tasnim агентлиги 1 март куни ҳужум оқибатида 148 киши ҳалок бўлгани ва 95 киши яралангани ҳақида хабар тарқатди. Хабарларда қурбонларнинг айнан қанчаси ўқувчилар эканига ойдинлик киритилмаган.
IRNA давлат ахборот агентлиги хабарида ҳодиса жойида тозалаш ишлари давом этаётгани, харобалар остидан янги жасадлар чиқиши мумкинлигини маълум қилган.
Эрон таълим вазирлиги 2 март куни жами қурбонлар сони 175 кишини ташкил этаётганини хабар қилди.
Ҳозирда қурбонлар ва яраланганлар сони ҳақидаги маълумотларни мустақил текшириш имконияти йўқ. Эрон ҳукумати халқаро нашрлар ходимларига виза бермай келади, шу туфайли ушбу мамлакатдан ахборот олиш имкониятлари жуда чекланган.
Америка ва Исроил томони ҳозирча Миноб бўйлаб зарбани изоҳламади. АҚШ ҳарбийлари The Washington Post мухбирининг сўровига жавобан ушбу ҳужум ҳақидаги хабар «текширилаётгани»ни маълум қилган.
Минобга зарба берилиши биланоқ ижтимоий тармоқда воқеа жойида олинган видео пайдо бўлди. BBC журналистлари бино қуюқ тутун ичида қолгани ва одамлар бақираётгани акс этган ролик чиндан ҳам ушбу мактаб ҳудудида олинганини тасдиқлашган. The Washington Post таҳририяти ҳам яна бир видео айнан шу жойда олинганини тасдиқлаган: унда минобликлар зарба келиб тушган жойдан қочаётгани акс этган. Factnameh фактчекинг хизмати тармоқда пайдо бўлган роликларни бошқа кадрлар билан солиштирди ва уларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлади. Reuters агентлиги ҳам видеоматериаллар ушбу мактаб ҳудудида олинганини тасдиқлаган.
Эрон нашрлари эълон қилган бошқа кадрларда харобалар орасида қонга беланган рюкзаклар ётгани ва қопларга солинган жасадлар кўринган. Reuters агентлиги эълон қилган фотолардан бирида эса ёш боланинг қўлини кўриш мумкин.
Сунъий йўлдош орқали олинган тасвирлар ва очиқ манбалардаги материалларга кўра, «Шажара Тоййиба» мактаби Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси базаси жойлашгани тахмин қилинадиган бино яқинида жойлашган. The Washington Post билан аноним тарзда суҳбатлашган эронлик мулозим мактаб ёнида «кичик тиббиёт маркази» жойлашганини айтган. У шу атрофда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси борлигини тасдиқламаган ва рад ҳам этмаган, аммо шундай бўлиши мумкинлигини айтган.











