59 ёшли Сервантес 22 феврал куни тансоқчилари ва махсус бўлинмалар жангчилари ўртасидаги отишма оқибатида олган жароҳатлари туфайли вафот этган эди. «Янги авлод Халиско» наркокартелининг асосчиси Мексикада энг кўп қидирилаётган шахс бўлган ва АҚШ ҳукумати уни ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 15 миллион доллар мукофот таклиф қилган. «Эл Менчо» ўлими бутун Мексика бўйлаб тартибсизликларга айланди: картел аъзолари мамлакатнинг 20 та штатида автомобилларга ўт қўйиб, йўлларни тўсди.
BBC хабарига кўра, Гвадалахара яқинидаги - картел таянчи бўлган Халиско штатидаги дабдабали дафн маросимида расмийлар хавфсизлик чораларини кучайтириб, Миллий гвардиянинг қўшимча бўлинмаларини кўчага олиб чиқди.



Маросим бошланишидан олдин дафн маросими залига катта гул композициялари, шу жумладан хўроз шаклида (марҳумнинг хўроз уриштиришга бўлган машҳур иштиёқига ишора сифатида) олиб кирилди.
AFP агентлиги маълумотларига кўра, гулчамбарлар шунчалик кўп юборилганки (асосан аноним тарзда), уларни қабристонга олиб бориш учун бешта юк машинаси керак бўлган.


Дафн маросимига анъанавий ранчера ва наркокорридос - наркобаронларнинг ҳаёти ва «қаҳрамонликлари» ҳақидаги қўшиқларни ижро этган оркестр ҳамроҳлик қилди.
Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, қабристон ҳудудидаги ибодатхонага Осегеранинг зарҳал тобути олиб кирилганда, оркестр энг машҳур халқ қўшиқларидан бири бўлган «Эл Мучачо Алегре»ни («Қувноқ йигит») ижро этган.




















