Ўзбекистон | 15:11
1393
2 дақиқада ўқилади

Беҳзод Ҳамроев БМТ комиссияси сессияси раиси ўринбосари этиб сайланди

БМТнинг Ню-Йоркдаги қароргоҳида БМТ Статистика комиссиясининг 57-сессияси ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамроев бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда. Сессия доирасида Беҳзод Ҳамроев 57-сессия раиси ўринбосари сифатида сайланди.

Фото: “Дунё” АА

Маълум қилинишича, 6 мартга қадар давом этадиган сессияда иштирокчилар 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни баҳолаш индикаторлари тизимини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилади. Шунингдек, расмий статистикани ишлаб чиқишда сунъий интеллект ва замонавий технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олган.

Форум доирасида тараққиёт ва фаровонликни янада кенгроқ баҳолашга қаратилган Beyond GDP (ЯИМдан ташқари) концепцияси муҳокама қилиниши, атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришига оид статистик маълумотларни миллий ҳисоботларга интеграция қилиш бўйича экспертлар фикр-мулоҳазалар алмашиши режалаштирилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон делегациясининг сессиядаги иштироки мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирлари даврида алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур жараён БМТнинг энг сўнгги халқаро тавсиялари асосида амалга оширилаётгани таъкидланмоқда.

Шунингдек, сессия доирасида БМТ Статистика бўлими раҳбарияти ва етакчи экспертлар билан учрашувлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

2025 йил апрел ойида Ўзбекистон тарихда илк марта 2026–2029 йиллар учун БМТ Статистика комиссиясининг тўлақонли аъзоси этиб сайланган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид