Ҳар қандай сиёсий зиддият, қуролли тўқнашув ва урушлар ижтимоий-иқтисодий йўқотишларга олиб келиб, инсоният тараққиётининг бир неча йиллар ортда қолишига сабаб бўлади. Хусусан, АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми ҳам ҳар икки томон учун жиддий молиявий зарар келтиряпти. Ҳали расмий маълумотлар эълон қилинмаган бўлса-да, америкалик таҳлилчилар ҳарбий ҳаракатларнинг мамлакат иқтисодиётига қанчага тушаётганини ҳисоблашни бошлади.
Уруш АҚШга қанчага тушяпти?
Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) таҳлилчилари ҳисоб-китобларига кўра, ҳарбий операциянинг дастлабки 100 соати давомида АҚШ 3,7 миллиард доллар сарфлаган. Бу кунига ўртача 891,4 миллион долларни ташкил этади. Муаммо фақат сумманинг катталигида эмас. Асосий масала бу харажатларнинг катта қисми давлат бюджетида кўзда тутилмаган. Тахминан 3,5 миллиард доллар бюджетдан ташқари харажатларга тўғри келади.
«АҚШ қўшинлари арзонроқ ўқ-дориларга ўта бошлагани ҳамда Эрон томонидан дрон ва ракета ҳужумлари кескин камайгани сабаб харажатлар пасайиши мумкин. Бироқ келажакдаги харажатлар асосан операциялар интенсивлиги ва Эроннинг жавоб зарбалари самарадорлигига боғлиқ бўлади», дея қайд этган CSIS экспертлари.
Мутахассислар дастлабки 100 соатдаги харажатларни учта асосий категория бўйича баҳолаган:
Операцион харажатлар – тахминан 196 миллион доллар. Шундан 178 миллион доллари бюджетдан, қолган қисми бюджетдан ташқари харажатлар;
Ўқ-дорилар захирасини тўлдириш – тахминан 3,1 миллиард доллар. Ушбу харажатларнинг бир центи ҳам бюджетда кўзда тутилмаган;
Жанговар йўқотишларни қоплаш ва инфратузилмани таъмирлаш – қарийб 350 миллион доллар. Бу ҳам бюджетда кўзда тутилмаган харажат.
АҚШ Мудофаа вазирлиги давом этаётган операциялар ҳақида жуда кам тафсилотларни ошкор қиляпти. Аввалги Яқин Шарқ кампанияларида ҳар куни зарбалар ҳақида ҳисобот берилган ёки мунтазам статистик маълумотлар эълон қилиб борилган. Айни пайтда Мудофаа вазирлиги кунлик операцияда қатнашаётган техника ва тахминий зарба нишонлари сонини тақдим этади, аммо батафсил тафсилотлар чекланган.
Умумий зарар 210 млрд долларга етиши мумкин








