Жаҳон | 13:45 / 07.03.2026
1691
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон маҳалла тизими Британияда қизиқиш уйғотди

Буюк Британияда хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси ўринбосари Жавдат Иноғомов бошчилигидаги делегация Эссекс графлигининг Брентвуд шаҳри маҳаллий бошқарув кенгаши вакиллари билан учрашув ўтказди.

Фото: Dunyo.info

“Дунё” АА хабар қилишича, мулоқотнинг асосий мавзуси маҳаллий бошқарув соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда икки давлатнинг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш тизимлари ўртасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Учрашув давомида Британия томонига Ўзбекистондаги маҳалла институтининг ўзига хос жиҳатлари ва сўнгги йилларда ушбу тизимга берилган кенг ваколатлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, маҳалланинг аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш ҳамда жамоатчилик назоратини таъминлашдаги ўрни хорижлик мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди.

Муҳокамалар давомида ҳар икки бошқарув тизимининг афзалликлари таҳлил қилинди. Ўзбекистон тизимида маҳалланинг халққа яқинлиги ва ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлашдаги ўрни юқори баҳоланди. Британия тизимидаги институционал бошқарув, молиявий мустақиллик ва ваколатларнинг аниқ тақсимланиши эса ўзбек делегацияси томонидан диққат билан ўрганилди.

Учрашув якунида ўзаро тажриба алмашишни тизимли давом эттириш, қўшма семинарлар ва амалий ташрифларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Қайд этилишича, мазкур мулоқот маҳаллий бошқарувни халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ва жамоат манфаатларини таъминлаш йўлидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид